Германияда ишлаш истагида бўлганлар ҳайдовчиликка ўқитилади

301

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши ҳамда Германиянинг “SBH WEST GmbH” таълим ва ҳунармандчилик фонди ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Уч томонлама меморандумнинг мақсади Ўзбекистонда Европа Иттифоқи стандартларига мувофиқ юк ва йўловчи ташиш бўйича профессионал ҳайдовчилар тайёрланиб, уларнинг Германия меҳнат бозорида вақтинча фаолият юритишларини таъминлашдан иборатдир.

Меморандум шартларига кўра, Германияда ишлаш истагида бўлган ўзбекистонлик фуқаролар «Ватанпарвар» ташкилоти ўқув муассасаларида юк ва йўловчи ташиш ҳайдовчилиги бўйича ўқитилади. Ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритган номзодларни “SBH WEST GmbH” фонди томонидан танланган вакиллар ва иш берувчи компаниялар амалий имтиҳондан ўтказади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган ҳайдовчиларга тегишли сертификатлар топширилади. Номзодлардан немис тилини мулоқот қила олиш даражасида билишлари талаб этилади.

Бундан бир неча кун аввал “SBH WEST GmbH” таълим ва ҳунармандчилик фонди бошқарувчи директори Петер Ниэманн бошчилигидаги делегация Андижон вилоятининг Бўстон туманида бўлиб, у ерда жойлашган «Ватанпарвар» ташкилоти Ўқув спорт техника клубининг автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш курси ўқув моддий техник негизи билан танишган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг сентябр ойида «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ушбу меморандумнинг асосий мақсади хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган мамлакатимиз фуқароларини шартнома асосида хорижий меҳнат бозорида талаб этилган мутахассисликлар бўйича ўқитиш ҳисобланади.

ЎзА