Урганч давлат университетига Абу Райҳон Беруний номи берилди

210

Урганч давлат университетига буюк аллома ва қомусий олимнинг номи берилиши мамлакатимизда Беруний меросини кенг тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг мантиқий давомидир.

Абу Райҳон Беруний  жаҳон илм-фанининг етук намоёндаларидан бири бўлиб, у математика, астрономия, география, тарих ва бошқа кўплаб фанлар ривожига улкан ҳисса қўшган. Унинг илмий асарлари нафақат Марказий Осиё, балки дунё миқёсида юқори қадрланади. Университетга унинг номи берилиши ёш авлоднинг илм-фан ва инновацияга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилади.

–  Қарийб 7 йил олдин бошланган мазкур хайрли ташаббус давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, Президентимиз қарорида акс этди, – деди  Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев.  – Жамоани ушбу шарафли эътироф амалга ошгани билан самимий табриклайман. Ушбу хайрли иш ёшларга илмий изланишларда янги марраларни забт этишларига руҳлантирувчи омил бўлиб хизмат қилишига ишонамиз.

Хоразм воҳасидаги ўзининг узоқ шонли тарихига эга бўлган кўҳна ва нуфузли олий таълим муассасасига Абу Райҳон Беруний номининг берилиши нафақат университет обрўсини оширади, балки талабаларга, ёш олимларга улуғ алломанинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилишда катта масъулият юклайди. Қолаверса, олий ўқув юртининг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Беруний номи остида университет дунёнинг етакчи илмий марказлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириши, талаба ва ўқитувчилар алмашинуви дастурларини кенгайтириши кутилмоқда.

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари