Очиқ мулоқот

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Уразалиев ҳудудда фаолият юритувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига соҳада яратилаётган қулайликлар ва шароитлар ҳақида тушунтириб, уларни қўллашда амалиётда юзага келаётган муаммоли вазиятларни ўрганди.
Хусусан, ташқи савдо юклари расмийлаштирувини соддалаштириш ва ТИФ иштирокчиларининг вақт сарфи ва харажатларни камайтириш мақсадида божхона соҳасида жорий этилган “Экспорт уч қадамда” тизими ҳамда “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида яратилган қулайликлар, ҳукумат қарорлари асосида божхона тўловларидан тақдим этилаётган имтиёзлар бўйича назарий ва амалий тушунча берилди.

Учрашувда масъуллар томонидан бугунги кунда ҳудудда экспортга чиқарилаётган товарларнинг 95 фоизи “Экспорт уч қадамда” тизими орқали расмийлаштирилганлиги таъкидланиб, мазкур тизимни темир йўллар орқали ташишга ҳам жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Очиқ мулоқотда тадбиркорлик субъектларини қийнаб келаётган саволлар юзасидан ҳуқуқий ечим ва тавсиялар берилди. Тадбиркорларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири