Янги китоб нашрдан чиқди

210

Қорақалпоғистон судларининг тарихи ва бугуни ҳақида маълумот берувчи, Қорақалпоғистонда суд органларининг шаклланиши ва ривожланишининг асосий босқичлари, мустақил суд ҳокимиятининг ташкил этилиши, шунингдек, суд органларида хизмат қилган ва ҳозирги вақтда ўз хизматини олиб бораётган судья ва ходимлари ҳақида сўз юритувчи “Қорақалпоғистон Республикаси судлари: тарих ва бугун” номли китоб нашрдан чиқди.

Шу муносабат билан китобни кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси судида ўтказилган тақдимот маросимида тарихчи ва ҳуқуқшунос олимлар, суд нуронийлари ва судьялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов кириш сўзи билан очиб, китобнинг ёзилиш тарихи, маълумотларни тўплаш ва уларни бир китоб ҳолига келтиришгача бўлган босқичлар, тарихий мулоҳазалар билан ўзаро чамбарчас боғлиқда олиб борилган ишнинг самараси янги китобда ўз аксини топганини таъкидлади.

Китоб асосан “Қорақалпоғистон судлари тарихидан”, “Мустақиллик даврида Қорақалпоғистон Республикаси судлари” ҳамда “Қорақалпоғистон судлари ҳозирги кунда” деб номланган уч бўлимдан иборат. Сир эмаски, шу кунга қадар Қорақалпоғистон судлари тарихи ҳақида китоб чоп этилмади, бу йўналишдаги илмий ишлар ҳам деярли йўқ. Aслида Қорақалпоғистон судларининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади ва бугунги кунга қадар ўз тараққиётининг бир неча босқичларини босиб ўтган.

Шу муносабат билан Қорақалпоғистон судлари китобини ёзишда бевосита иштирок этган тарихчи ва ҳуқуқшунос олимлар, суд фахрийлари, экспертлар ҳам сўзга чиқиб, республика судлари тарихи ва бугунини ўзида мужассам этган китобнинг нашрдан чиққанлиги билан қутлаб, бу йўлда ўзларининг бор билим ва тажрибаларини аямасдан кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси A.Нурлипесов янги китобни нашрга тайёрлашда фаоллик кўрсатиб, ҳамкорликда ишлаган устоз суд нуронийлари меҳнатини алоҳида эътироф этди. Тадбир якунида бир гуруҳ тарихчи ва ҳуқуқшунос олимларга, суд нуронийлари ва ходимларга фахрий ёрлик ҳамда янги китоб тантанали равишда топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири