Ёшларнинг бўш вақти самарали ўтмоқда

149

ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳридаги Баркамол авлод болалар мактабида ташкил этилган бичиш-тикиш, тўқиш, тасвирий санъат, рақс, ментал арифметика, робототехника, дастурчи, ёш архитектор, аниқ фанлар, чет тиллари каби тўгаракларга 1 минг 200 га яқин ўғил-қиз қамраб олинган.

Мактабнинг 100 дан зиёд малакали педагоги ва мутахассиси ёш авлодни таълим, касб-ҳунар, санъат ва ижодга қизиқтириш учун бор маҳоратини ишга солмоқда. Жумладан, қишки таътил кунлари ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Замонавий рақслар”, “Fanny English”, “Қиш манзаралари”, “Қизиқарли математика”, “Заковат”, “Ким чаққону, ким эпчил” каби танлов, интеллектуал ўйин ва спорт мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, тарбияланувчилар Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи, И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Республика болалар кутубхонасига саёҳат қилиб, маданий ҳордиқ чиқарди. Бундан ташқари улар Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Нукус ҳарбий горнизонида бўлиб, ҳарбийлар учун яратилган шароитлар билан танишди, ҳарбийлар билан мулоқот қилди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА