Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

152

Буюк қорақалпоқ шоири Aжиниёзнинг 200 йиллиги муносабати билан асарлари туркман тилига таржима қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 16 июлдаги “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шоирнинг 70 дан ортиқ шеър ва достони ўрин олган китоб Саят Aвезқиличева томонидан таржима қилинди. “Ebedi şygyrlar” номли ушбу китобни тайёрлашда Қорақалпоғистон туркман миллий-маданий маркази ҳомийлик қилди.

Саят Aвезқиличева Давлатмаммет Aзади номидаги туркман миллий жаҳон тиллари университетини тамомлаган ва ҳозирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида талабаларга дарс бериб келмоқда.

* * *

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институти билан ҳамкорликда “Ватанни ҳимоя қилиш – муқаддас бурч” мавзусида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда партия вакиллари, жангчи-фахрийлар сўзга чиқиб, тинчликнинг қадри ҳамма нарсадан улуғ эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Мамлакатимизда миллий армиямиз тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар қайд этилиб, ёшларни яхши билим олиб, келажакда ватанимиз равнақи учун хизмат қилишга чорлади.

Учрашув якунида жангчи-фахрийларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

* * * 

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлбола алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди.

Фуқаро Ш.С. “Жайхун” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “E.” савдо дўконида тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, турли номдаги жами 279 дона истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотини сотувга қўйганлиги аниқланди. Ушбу алкоголь маҳсулотлари тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далил тариқасида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири