Ватан ҳимоячилари учун янги турар жой биноси

164

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 33 йиллиги ҳамда умумхалқ байрамига айланган Ватан ҳимоячилари куни айёми арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус гарнизонидаги 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун 120 хонадонли беш қаватли янги хизмат турар жой биноси фойдаланишга топширилди.

Янги хонадон калитларини бахтли оилаларга топшириш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Раҳматулло Раҳмонов, куч тузилмалари вакиллари, Нукус гарнизони ҳарбий прокуратураси раҳбарияти, ҳарбий хизматчилар оилалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Жўқорғи Кенгеси Раиси ўз нутқида мамлакатимизда ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланганини таъкидлаб, охирги йилларда ҳарбий соҳага бўлаётган эътибор туфайли ҳарбий қисм ва муассасалар, дала-ўқув майдонлари инфратузилмасини такомиллаштириш, юрт ҳимоясидек масъулиятли касб эгалари ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни уй-жой билан таъминлаш, ҳарбий пенсионерларнинг ижтимоий муҳофазаси каби масалалар долзарб бўлиб келаётганини эътироф этди.

Сўзга чиққанлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги маблағи ҳисобидан Нукус гарнизонидаги “Ватанпарвар” маҳалласида бунёд этилган 120 хонадондан иборат 5 қаватли 2 ва 3 хонадан иборат бўлган шинам, барча қулайликларга эга бўлган янги уйлар Ватан ҳимоячиларига ўзгача байрам туҳфаси бўлганини эътироф этди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясига бўлган эътибор туфайли шарафли касб нуфузи ортиб, кўплаб юрт ҳимоячиларининг муаммоларига барҳам берилмоқда. Хизмат ўташ ва яшаш шароитлари яхшиланиб, замонавий шарт-шароитлар муҳайё этилмоқда.

Тадбир давомида янги хонадон эгаларига калитлар тантанали тарзда топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА