Байрам тантанали нишонланди

312

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг шонли 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан Нукус гарнизонидаги Маънавият ва маърифат марказида тантанали тадбир ўтказилди.

Унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Раҳматулло Раҳмонов Ватан ҳимоячиларини байрам билан муборакбод этди. Қўмондон ҳарбий округнинг 2024 йилги фаолияти, бўлинмаларга жанговар ва миллий руҳни олиб кириш, юксак жанговар шайлик ва тайёргарлик масалаларини янги сифат босқичига олиб чиқиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган натижаларга тўхталди.

2024 йилда ҳарбий округда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда бошқарма ҳузуридаги Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази, Нукус гарнизонидаги сафарбарлик чақируви резерви батальони учун бино ва иншоотлар қурилиб, мавжудлари капитал таъмирланди. Моддий-техник таъминот базасида олиб борилган капитал таъмир натижасида базанинг имкониятлари бир неча баробар оширилишига эришилди. Ўтган йил ҳисобида ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида 56 нафарига узоқ муддатли, имтиёзли ипотека кредитини ажратиш ҳисобига янги хонадон ажратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги жами 103 минг нафар ёш ҳарбий округ томонидан оталиққа олиниб, 260 нафар ҳарбий хизматчига биттадан маҳалла бириктирилди. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Мудофаа вазирлиги томонидан оталиққа олинган ёшлар ўртасида Мудофаа вазирлиги кубоги учун” ҳарбий-ватанпарварлик мажмуавий мусобақаларининг якуни бўйича қорақалпоғистонлик ёшлар фахрли биринчи ўринни эгаллаб, мудофаа вазири кубогига эга чиқди.

Муҳим сана муносабати билан ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари, Қуролли Кучлар ишчи-хизматчилари ҳамда фахрийлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси раиси номидан эсдалик ва кўкрак нишонлари, қимматбаҳо совғалар, диплом ва фахрий ёрлиқлар, навбатдаги ҳарбий унвонлар билан тақдирланди.

Тантанали маросим санъат усталари ҳамда ҳарбий хонандаларнинг байрам концерти, шунингдек, ёшларнинг кўргазмали чиқишлари билан якунланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА