Коммунал хизматлар сифати прокуратура назоратида

344

Прокуратура органлари томонидан қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳолини ёқилғи энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, энергия тежамкорлик ва соҳадаги талон-торожликларни олдини олиш, энергия ресурсларини етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг мавсумга шайлиги доимий назоратга олинган.

Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг биринчи ўринбосари Е.Каипбергенов раҳбарият топшириғига кўра Қонликўл туманида бўлиб,  ижтимоий соҳа объектларининг мавсумни беталафот ўтказишга шайлиги, қозонхоналарининг узлуксиз фаолияти тўғри йўлга қўйилганлиги аҳволи ўрганилиб, аниқланган камчиликлар жойида бартараф қилинди. Шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари ҳамда газ таъминоти бўлимларида бўлиб, навбатчи диспетчерларга келиб тушган мурожаатлар асосида авария бригадаларининг шай ҳолатда чақирувга ўз вақтида етиб боришлари, захира омборларининг аҳволи ўрганилди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси вакиллари Нукус шаҳридаги кўп тармоқли болалар шифохонаси, республика кўп тармоқли тиббиёт маркази, республика шошилинч ёрдам илмий амалий маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали, Хўжайли ҳамда Амударё туманлари тиббиёт бирлашмаларидаги шароитлар ва мавжуд муаммоларни ҳам ўрганиб, беморлар ҳолидан ҳам хабар олинди. Шифохоналарда қайд этилаётган касалликлар динамикаси билан танишиб, масъулларга бу борада тегишли кўрсатмалар берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири