Хабарингиз бор, Австралиянинг Мельбурн шаҳрида теннис бўйича «Катта дубулға» туркумига кирувчи Австралия очиқ чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Куни кеча мазкур “Australian Open” турнири ташкилотчилари мусобақанинг умумий мукофот жамғармасини эълон қилди. Ўнга кўра, турнирнинг умумий мукофот жамғармаси ўтган йилгига нисбатан 11,6 фоизга ошиб, 62,8 миллион АҚШ долларига етган. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бу кўрсаткич бугунга қадар ўтказилган мазкур мусобақада қайд этилмаган ва бу турнир тарихидаги рекорд ҳисобланади.

Чемпионатнинг яккалик баҳсларидаги чемпионлар 2 миллион 269 минг 340 АҚШ доллари пул мукофоти билан тақдирланса, финалга қадар етиб келган теннисчилар 1 миллион 214 минг 810 АҚШ долларга эга чиқади.

Айни кунларда ўтаётган саралаш босқич иштирокчиларининг ҳар бири 21 минг 700, иккинчи даврада эса 30 минг 380, учинчи босқичга йўл олса 44 минг 630 АҚШ доллари мукофот пулини қўлга киритади.

Мусобақанинг асосий тўрига йўл олган ракетка усталари эса илк давра учун 82 минг 50 АҚШ доллари билан тақдирланадилар ва бу сумма мусобақа финалига қадар турли даражада ошиб боради.

Эслатиб ўтамиз, “Australian Open – 2025” турнирида мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Ҳумоюн Султонов саралаш босқичини муваффақиятли бошлади ва илк даврада Даниэль Элахи Галанни енгиб, иккинчи босқичда чехиялик Далибор Сврчина билан тўқнаш келадиган бўлди. Дарвоқе, Ҳумоюн илк ғалабаси эвазига 8 рейтинг очкоси ва 21 минг 700 АҚШ доллари пул мукофотини қўлга киритди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА