Ўзбекистон U-20 терма жамоаси шу кунларда Қатарда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

Бугун, 3 январь куни Хитойда бўлиб ўтадиган U-20 Осиё кубогига тайёргарлик доирасида Фарҳод Нишонов мураббийлигидаги Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Саудия Арабистони билан иккинчи назорат учрашувини ўтказади.

Айтиш лозимки, илк ўртоқлик ўйинида Ўзбекистон U-20 жамоаси рақибларини 2:1 ҳисобида мағлуб этган эди. Саудия Арабистони жамоаси дарвозасига йўлланган ҳар икки голга захирадан майдонга тушган Муҳаммадали Ўринбоев муаллифлик қилди.

Эслатиб ўтамиз, ёшларимиз қитъанинг 16 та терма жамоаси қаторида жорий йилнинг 12 февраль -1 март кунлари Хитойда ўтадиган U-20 Осиё кубогида иштирок этади.

Ўзбекистон U-20 жамоаси қитъа кубогининг “C” гуруҳида Эрон, Яман ва Индонезия термаларига қарши баҳс олиб боради.

Мазкур мусобақа жорий йил Чилида ташкил этиладиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ўташи билан аҳамиятли.

Осиё кубогининг энг яхши 4 та жамоаси 2025 йилги ёшлар ўртасидаги мундиалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Т.Рўзиев, ЎзА