Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги йилларда Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Буни ҳар бир инсон, қолаверса, ҳар бир қорақалпоғистонлик бугун ўз ҳаётида ҳис этмоқда.

Қорақалпоғистон ҳақида сўз кетганда давлатимиз раҳбарининг “Агар кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қиладиган бўлса, Мўйноққа келиб кўрсин!” деган сўзларидаги теран маънони англаймиз. Биз қорақалпоғистонликлар буни юрагимиздан, қалбимиздан ҳис қилмоқдамиз. Буни нафақат Мўйноқ, балки барча шаҳар ва туманлар, энг четдаги овул ва қишлоқлар билан рўйхатни давом эттирса бўлади.

Бу борадаги ишларни тизимли равишда давом эттириш мақсадида шу йилнинг 23 декабрь санасида Президентимиз раислигида Қорақалпоғистон Республикасида қўшимча имкониятларни ишга солиш, инвестицияни кўпайтириш ва аҳоли бандлигини ошириш бўйича 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Бу йил Қорақалпоғистон учун баракали келди. Янги саноат корхоналари, туризм масканлари, энергетика қувватлари, IT-парк ишга туширилди. Қорақалпоғистонни Хоразм билан боғлайдиган 423 метрли янги автомобиль ва темир йўл кўприги очилди. Бу орқали юк ва йўловчи ташиш масофаси 180 километрга қисқарди. Ҳудудда саноат, тадбиркорлик ва инфратузилма соҳаларида 50 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган. Хусусан, инвестиция лойиҳалари учун тўғридан-тўғри ер ажратиш ҳуқуқи фақат Қорақалпоғистонда жорий қилинган.

Албатта, сўнгги йилларда Қорақалпоғистонга жуда катта эътибор ва имтиёзлар берилмоқда. Ҳудудда катта ўзгаришлар, муҳим ислоҳотлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Сўнгги 7-8 йилда Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан Қорақалпоғистоннинг тараққиёти учун улкан эътибор берилаётгани ва айнан ана шундай эътибор туфайли бугунги кунда Нукус шаҳридан бошлаб, туманлар марказлари, қишлоқлар, ҳатто чекка овулларгача ҳар томонлама ўзгариб, ривожланиб бормоқда.

Йиғилишда шунингдек, ҳудуддаги 85 та йирик корхона тўлиқ қувватга олиб чиқилиши, янги корхоналар, савдо ва сервис майдонлари ташкил этилиб, 150 минг нафар кишининг бандлиги таъминланиши, натижада эса ишсизлик даражаси 5,4 фоизга тушиши, 20 минг эҳтиёжманд оилага даромад манбаи яратилиб, камбағалликни 7,6 фоизга камайтириш чоралари кўрилиши алоҳида таъкидланди.

Албатта, Қорақалпоғистон бугунги кунда бутунлай ўзгарган. Иқтисодий, ижтимоий соҳалар, хусусан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида ҳам ҳудудга эътибор катта. Масалан, шу йилда Қорақалпоғистонда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш 85 фоизга етди. Шунингдек, Президентимизнинг шу йил 24 декабрь куни “Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академиясини ташкил этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, ҳудуддаги соғлиқни сақлаш соҳаси ривожи учун яна бир имконият тақдим этилмоқда.

Президентимиз раҳбарлигида жонажон Ватанимиз Ўзбекистонда ва Қорақалпоғистонда халқимизни рози қилиш йўлида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини бундан буён ҳам изчил суръатларда давом эттирилишига шубҳамиз йўқ.

Тажибай РОМАНОВ,

“Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси раҳбари.

ЎзА