Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида янги йил байрами кўтаринки руҳда нишонланди.
Тадбирда филиал директори Адилбай Есимбетов ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни кириб келаётган янги йил билан муборакбод этиб, барчага самимий тилакларини билдирди. Байрам арафасида ўтган йили амалга оширган ишлар cарҳисоб қилинди. Йил давомида жамоа ҳамжиҳатликда катта муваффақиятларга эришганлиги алоҳида қайд этилди. Келгуси йил барча учун янада омадли келишини тилади.
Байрам тадбири давомида профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимларга янги йил совғалари улашилди. Бундан ташқари, йил давомида фаол меҳнат қилган ва филиалнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ фидойи ходимлар фахрий ёрлиқ ҳамда дипломлар билан тақдирланди.
Шунингдек, филиал касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган спорт мусобақаларида муваффақиятга эришган профессор-ўқитувчилар ва ходимларга байрам совғалари топширилди. Янги йилни муносиб кутиб олиш нафақат янги ташаббуслар, балки жамоанинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва келажакдаги юксак мақсадлар сари интилишининг рамзи сифатида ҳам хизмат қилади.
Тадбир давомида таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири