Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда “Нукус вино заводи” акциядорлик жамияти ходимлари билан ҳамкорликда аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи сифати кафолатланмаган алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди.

Қўнғирот туманида ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон фуқароси тадбирга жалб қилинган “шартли харидор”га қўлбола усулда ишлаб чиқарилган, қалбаки акциз маркалари билан қадоқланган, 288 дона шиша идишда  жами 230 литр “Qarataw” ёзувли ароқни 9,8 миллион сўм пул эвазига сотган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинди.

Нукус шаҳрида олиб борилган навбатдаги тезкор тадбир давомида эса фуқаро “шартли харидор”га қўлбола усулда ишлаб чиқарилган, қалбаки акциз маркалари билан қадоқланган 50 блокда жами 600 дона 0,5 литр ҳажмли “Qarataw” ёзувли 300 литр алкоголь маҳсулотини жами 18 миллион сўм пул эвазига сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланди. Шундан кейин, мазкур фуқаро бошқарувида бўлган “Нексия-3” русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида, мазкур транспорт воситасининг юкхонасида 11 дона 0,5 литр ҳажмли “Qarataw” ёзувли алкоголь маҳсулотлари борлиги аниқланиб, белгиланган тартибда вақтинча сақловга олинди.

Нукус шаҳрида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида эса фуқаро тадбирга жалб қилинган “шартли харидор”га 12 600 000 сўм эвазига, қўлбола усулда тайёрланган ва қалбаки акциз маркалари билан маркаланган 330 литр (480 шиша 0,5 литр ва 120 шиша 0,75 литр ҳажмли) “Qarataw” ёзувли алкоголь маҳсулотини сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинди. Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, 1 минг 499 шишада жами 765 литр қўлбола усулда тайёрланган қалбаки акциз маркалари билан қадоқланган “Qarataw” ёзувли алкоголь маҳсулотлари далилий ашё тариқасида вақтинча сақловга олинди. Шу ўринли савол туғилади: юқорида айтиб ўтилган алкоголь маҳсулотлари қўлбола усулда қаерда ва қай тартибда ишлаб чиқарилмоқда? Масъуллар томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида сифати кафолатланмаган алкоголь маҳсулотларини тайёрлаш билан шуғулланиб келган бир қатор “Яширин цех”лар фаолиятига чек қўйилди.

Нукус шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, “Беруний-Нукус” йўналишида айланма чўл ҳудудидаги йўлларда ҳаракатланиб келган Ўзбекистон фуқаросига тегишли бўлган “Captiva” русумли автотранспорт воситаси Нукус шаҳридаги “Бестобе” посёлкаси ҳудудида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, мазкур автотранспорт воситасида ҳар бири 20 литр ҳажмли 40 дона пластмас идишларда 800 литр этил спирти борлиги аниқланди. Шундан сўнг, мазкур фуқарога тегишли бўлган Нукус шаҳридаги хонадонлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилганида, 130 дона “Qarataw” ёзувли ароқни қадоқлаш учун мўлжалланган плёнкалар сақланиб келинаётганлиги аниқланди.

Навбатдаги манзилда мазкур фуқарога тегишли яна бир хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилганида эса, унда 823 дона “Qarataw”  ёзувли қадоқлаш плёнкаси, 47 дона акциз маркали ва  12 дона акциз маркасиз “Qarataw”  ёзувли ароқлар борлиги аниқланди. Олинган тезкор маълумотлар асосида, тадбир давом эттирилиб, бошқа бир фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган 22 кг. алкоголь маҳсулотларини қадоқлайдиган плёнка, 2,5 литр қўл-бола усулда тайёрланган алкоголь, 1 минг 90 дона қалбаки акциз маркаси, 3 минг 168 дона “QR код”ли стикер, 14 дона елим, 2 дона 50 литр ҳажмдаги пластмасса идиш, узунлиги 4 метр бўлган газ шлангаси, 975 дона қадоқлаш плёнкаси, 15 минг 843 дона “Qarataw” ёзувли ёрлиқ, 955 дона шиша идиш қопқоғи, 45 литр фильтр сув, 1 дона спиртометр ва 30 дона 5 литрли ҳажмдаги “Антисептик” ёзувли бўш елим идишлар борлиги аниқланди.

Янги йил байрами арафаси, алкоголь маҳсулотлари савдоси одатдагидан ҳам кўпаядиган  айни кунларда аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган қўлбола усулда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётган яширин цехлардан яна бири Хўжайли туманида жойлашган экан. Ўтказилган тезкор тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган 25 дона елим идишда 53 литр спирт, 5,3 литр қўл-бола усулда тайёрланган ароқ, 60 дона 20 литр ҳажмли ва 98 дона 5 литр ҳажмли бўш елим идиш, 9 дона елим идишда 90 литр “қизилмия” илдизи шарбати, 4 дона елим идишда 40 литр гилос шарбати, 1,5 кг қуритилган “қизилмия” илдизи, 3 дона газ шлангаси, 800 дона “Nukus Vin Zavod” ёзувли қадоқлаш плёнкаси, 328 дона 0,7 литр ҳажмли бўш шиша, 30 дона 0,45 литр ҳажмли “Qarataw” ароғининг қоғоз қутиси, 580 дона шиша қопқоғи, 226 дона сиғими 0,7 литр ҳажмли “Qarataw” ароғининг қоғоз қутиси, 190 дона ароқ шишаси елим қопқоғи ва 172 дона ароқ шишаси қопқоғи борлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида аниқланган товар моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида вақтинча сақловга олинди. Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири