Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида божхона ходимларининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида оммавий кўчат экиш акцияси бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари Хўжайли тумани “Саришунгул” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Хўжайли” чегара божхона постида 1 минг 100 туп тут кўчат экди.
Таъкидлаш жоизки, умуммиллий лойиҳанинг кузги мавсуми доирасида шу кунга қадар қорақалпоғистонлик божхоначилар томонидан Нукус шаҳри, Тўрткўл, Хўжайли ва Қўнғирот туманларида жами 14 минг 425 туп мевали ва манзарали кўчат экиб, боғ яратишган эди. Уюшқоқлик билан амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлардан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда экологик мусаффоликни таъминлаб, сўлим табиат барпо этиш, келажак авлодга “яшил боғлар” қолдиришдир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири