Божхоначилар фарзандларига Президент совғаси топширилди

262

Янги йил байрами муносабати билан юртимиздаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-онасиз қолган, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига Президент совғаси топширилмоқда.

Шу жумладан, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида божхона органларида хизмат қилиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган мард божхоначиларнинг фарзандлари учун 9 дона Президент совғаси Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси масъуллари томонидан ўз эгаларига етказилди.

Соҳа мутасаддилари божхона тизимида хизмат вазифаларини бажариш чоғида шаҳид бўлган Т.Ордабаев, И.Матекеев, А.Кубейсинов ва А.Баймуратовнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг яқинлари ҳолидан хабар олишди. Марҳумларнинг хотирасига қуръон тиловат қилиб, улардан ёдгор қолган  фарзандларига Юртбошимизнинг махсус совғалари кўтаринки руҳда топширилди. Шахсан давлатимиз раҳбари меҳри ва эътиборини ўзида мужассам этган ўқув қуроллари, дидактик ва стол ўйинлари, самокат, шунингдек, ақлли соат ва ширинликлар тўпламидан иборат совғалар болажонларга ҳақиқий байрам шукуҳини инъом этди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири