Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация АҚШга ташрифи буюрди.
Американинг йирик ишбилармон доира вакиллари билан бўлиб ўтган давра суҳбатида Cove Capital LLC, City, Bridge Capital Group, Creative Associates, FL Smith, dōTERRA, Creative Associates, FL Smith, dōTERRA, CalCity Industrial Park LLC, Crown Iron Works, Edvard, Austin, Nobel- Systems, North Coast Communications, Komatsu, JP Morgan, Minnesota Soybean Association каби 40 дан зиёд йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон-Америка Савдо палатаси раҳбарияти, Оқ уй маъмурияти ва АҚШ Савдо вазирлиги экспертлари ҳам иштирок этди. Ишбилармон доиралар вакиллари Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича АҚШ билан музокаралари муваффақиятли якунланганини олқишлади ва бу жараён мамлакатимизнинг халқаро иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўз навбатида, Америка компаниялари раҳбарларига Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг ривожланиш динамикаси, мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган кенг имкониятлар, қўшма янги лойиҳа ташаббуслари тақдим этилди.
Иштирокчилар Ўзбекистондаги ислоҳотлар натижаларини, хусусан, тоғ-кон саноати, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ҳамда агросаноат мажмуаси каби соҳаларда яратилган имкониятларни юқори баҳолади.
Тадбир интерактив тарзда ўтказилди — ҳар бир компания раҳбари билан давра суҳбатида ҳам, G2B форматдаги музокараларда ҳам ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Давра суҳбати якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида келгуси йил учун ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олишди.
Б.Худойбердиев, ЎзА