Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида жорий йилда эришилган натижалар ва келгуси йилда амалга ошириладиган ишларга бағишланиб оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирнинг биринчи ўринбосари Акбар Козиев жорий йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси йилги режалар юзасидан батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, жорий йил ҳосили учун 314,2 минг гектар асосий, 30,1 минг гектар такрорий экин майдонларига қишлоқ хўжалиги экинлари экилди. Шундан, учинчи чоракда 215 минг тонна дон, 83 минг тонна пахта, 215 минг тонна сабзавот, 61,1 минг тонна картошка, 46,8 минг тонна мева, 6,1 минг тонна узум ҳосили олинди. Шунингдек, 85,8 минг тонна гўшт, 269,2 минг тонна сут, 270 миллион дона тухум, 85 минг дона қоракўл тери, 6,2 минг тонна балиқ ишлаб чиқарилди. Бугунги кунда, 28,1 миллиард долларлик 49,4 минг тонна мева-сабзавот экинлари экспорт қилинди. Йил якунига, 18,3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш 104,8 фоизни ташкил этилиши кутилмоқда.
Республикадаги 14 та туманда 12 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият юритмоқда. Ушбу кластерларга жами 86 минг 300 гектар ер майдони бириктирилган бўлиб, шундан, кластерларнинг ўз ҳисобидан етиштириладиган майдон 9 минг 641 гектарни ташкил этади.
Жорий йилда аҳолига, жумладан, ёшларга деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш учун ўтказилган танловда 7 минг 657 та лотдаги 5 минг 48 гектар ер майдони ғолиби аниқланди. Ҳозирда барча туманларда ёшлар томонидан ўзларига ажратилган ерларда 1,1 минг тонна сабзавот, 1,1 минг тонна полиз етиштирилди. Шунингдек, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 1 минг 724 гектар ажратиш белгиланиб, амалда 1 минг 764 гектар аукцион савдосига чиқарилган. Шундан 1 минг 801 та лотда 1 минг 399 гектар майдон танлов ғолиби бўлди.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида 4 минг 150 гектарда томчилатиб, 1 минг 900 гектар ёмғирлатиб, 9 минг 900 гектар эгилувчан қувурлар ва эгатга плёнка тўшаб суғориш технологияси жорий этилди. Шунингдек, 54,2 минг гектар майдон лазерли текисланди. Ташаббускорлар ҳисобидан 193 километр суғориш, 15 километр коллектор тармоғи таъмирланди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА