Нукусда “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” миллий танловлари Қорақалпоғистон Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтиришга қаратилаётгани ҳақида алоҳида тўхталди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, шу асосда уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги фаоллиги ортиб, барча соҳаларда юқори натижаларга эришмоқда. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда Президентимизнинг алоҳида эътибори билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш борасида кўплаб имтиёзлар берилмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда.

Кўрик-танлов натижасига кўра Нукус шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Айжамал Наменова  “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси Рамиза Жумамуратова “Йилнинг энг фаол олима аёли”, Тўрткўл туманидан Бибигул Хидирова “Йилнинг энг фаол тадбиркор аёли”, Кегейли туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Гулчеҳра Тулекеева “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли”, Қораўзак туманидаги 15-сонли умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Гулзар Реймова “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” номинациялари билан тақдирланди.

Шунингдек Мўйноқ туманидаги 16-сонли умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Нуржамол Ембергенова “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси”, Тахиатош тумани “Жайҳун” маҳалла фуқаролар йиғинидан Раўшан Матякупова “Йилнинг энг яхши уй бекаси”, Элликқалъа туманидаги 22-сонли умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Муҳаббат Беканова “Йилнинг энг жонкуяр устози”, Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактабининг бадиий гимнастика бўйича мураббийи Нигора Палванова “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси”, Шуманай туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Жумагул Жаримбетова “Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори” номинацияларига муносиб деб топилди.

Тадбирда “Гендер тенглик фаоли” миллий танлови ғолиблари ҳам тақдирланди. Жумладан, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий давлат органи (ташкилоти)” номинацияга Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) давлат органи” номинациясига Тахтакўпир тумани ихтисослаштирилган мактаби, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) ҳокимлик” номинациясига Чимбой тумани ҳокимлиги, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол нодавлат нотижорат ташкилоти” номинациясига “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти” номинациясига Беруний туманидаги “Янги зотдор 2022” масъулияти чекланган жамият, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши TВ-дастур” номинациясига Қорақалпоғистон радиоканали, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши веб-сайт ёки портал” номинациясига Нукус шаҳри Nukuzpress сайти лойиқ деб топилди.

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Тадбир санъат усталари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА