“Президент совғаси” Оролбўйига етиб келди

Оилавий меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-онадан қаровисиз қолган, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишда қурбон бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари учун “Президент совғаси” Қорақалпоғистонга етиб келди.

3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган Президент совғасига давлатимиз раҳбарининг болажонларга йўллаган Янги йил табриги, ширинликлар, китоблар тўплами, канцелярия буюмлари, смарт соат, юмшоқ ўйинчоқлар, дидактик ўйинлар, велосипед, шунингдек, 12 ёшдан катта тарбияланувчиларга электр юритувчи самокат ҳам киритилган.

Совғалар Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида 29-30 декабрь кунлари тантанали равишда топширилади.

Вояга етмаган қизлар онасига олиб берилди

Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туман судининг 2024 йил 2 декабрдаги ижро ҳужжатига асосан вояга етмаган уч нафар қиз фарзандни жавобгарлар Я.К., С.Х. ва Я.Т.лардан даъвогар Ё.Ё.нинг тарбиясига олиб бериш белгиланган.

Ушбу ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим ходимлари томонидан ижро ҳаракатига киришилди. Хусусан, ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида бўлим ходимлари олиб берилиши лозим бўлган қизлар яшаётган манзилга бориб, жавобгарларга суд қарори ижроси таъминланиши лозимлиги, унинг ижросини таъминламаслик оқибати тушунтирилди.

Шундан сўнг жавобгарлар Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлимига келиб, қизчаларни ихтиёрий равишда онасига қайтариб берди.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Беруний, Хўжайли ва Элликқалъа туманлари бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди.

Беруний тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Т.Ч.” фермер хўжалиги масъул шахслари тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан электр энергияси тармоғига уланиб, жами 288,2 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган. Шу каби Хўжайли ва Элликқалъа туманларида ўтказилган терговга қадар текширувларда “N.-J.” оилавий корхонаси ва “D.S.” масъулияти чекланган жамият масъул шахслари тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 210,5 миллион сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганликлари ҳам маълум бўлди..

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири