Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрида ёш авлодни миллий ғоя, жасорат ва матонат руҳида тарбиялашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган фаол замондошларимиз тимсолини яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан “Бизнинг театр” мавзусидаги илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчиларига мазкур театр тарихи, репертуари, бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида кенг маълумот берилди.
Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри хорижий театрлар билан ҳамкорлик алоқаларини ҳам йўлга қўйган. Театр директори Усманатдин Мамбеталиев 2023 йил июль ойида Туркия ва Грузия Республикаларида хизмат сафарида бўлиб, ушбу мамлакатлар қўғирчоқ театрлари раҳбарлари билан расмий Меморандум имзолади. Ушбу Меморандумга асосан режиссёрлар, актёрлар, рассомлар тажриба алмашиши ва барча ижодий соҳадаги йўналишлар бўйича доимий ҳамкорлик йўлга қўйилиб, халқаро фестивалларга таклиф этилади. Шунингдек, жорий йилда Озарбайжон давлат қўғирчоқ театри билан ҳамкорлик Меморандум имзоланди. Мазкур Меморандумга асосан Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри ижодий жамоаси Озарбайжон Республикаси шаҳарларида, Озарбайжон Республикаси қўғирчоқ театри Ўзбекистон Республикаси шаҳарларида гастрол сафарларида бўлиши кўзда тутилган.
Қозоғистон Республикаси Алмати шаҳрининг Давлат қўғирчоқ театри билан имзоланган ҳамкорлик Меморандумига мувофиқ театр жамоаси 11-14 декабрь кунлари ижодий сафарда бўлиб, театр репертуаридан жой олган Н.Генжебекованинг “Сарой ичидаги сеҳргар” театрлаштирилган томоша дастурини болалар эътиборига тақдим этди.
2023 йил 23 декабрь куни Қорақалпоғистон санъат саройида бўлиб ўтган “Aлғис-2023” маданият ва санъат соҳасидаги йилнинг энг фаолларини тақдирлаш маросимида Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри жамоаси “Болаларнинг севимли ижодий жамоаси” номинацияси билан тақдирланди. 2024 йил 29 январь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Янги Ўзбекистон юлдузлари” маданият ва санъат миллий тақдирлаш маросимида Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри Мурат Бегимов муаллифлигидаги Хотам Охунов томонидан давлат буюртмаси асосида саҳналаштирилган “Чўпон афсонаси” спектакли билан “Йилнинг энг яхши қўғирчоқ спектакли” номинациясига сазовор бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида театрга “Исузу” юк автомашинаси берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2024 йил 29 апрель кунги буйруғи асосида театрга 27 дона жами 1,5 миллион долларлик ускуна берилди.
Ҳозирги вақтда театрда болаларнинг дам олиш кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида “Эркатой Малика” номли театрлаштирилган дастур тайёрланмоқда. Шунингдек, келгуси йили Қозоғистон Республикасидан тажрибали режиссёр Бекполат Фармонов ҳамда Россия Федерациясидан тажрибали рассом Aлексей Говиазин таклиф қилиниб, A.Aбидова муаллифлигидаги “Сеҳрли узук” пьесаси давлат буюртмаси асосида саҳналаштирилиши режалаштирилмоқда.
Тадбир иштирокчилари театр жамоаси фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. Уларга концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА