Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқот давом этмоқда.
Йиғилишда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари якуний босқичга кираётгани айтилди. АҚШ, Хитой каби йирик давлатлар билан келишувларга эришилди.
Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига зид бўлган имтиёзлар бекор қилинаётган бўлса-да, давлат тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, адолатли рақобат муҳитида ишлаши учун зарур бўлган барча шароитларни яратишда давом этиши таъкидланди.
Бу йил қўшни мамлакатлар билан чегарадан ўтиш билан боғлиқ бир қатор масалаларга ечим топилди.
Хусусан, 13 йил ёпиқ бўлган Андижоннинг “Хонобод”, “Мингтепа” ва “Қорасув” ҳамда 8 йил ишламаган “Учқўрғон” чегара постлари тикланди. Натижада аҳоли ва тадбиркорлар йўли 100 километрга қисқарди.
Умуман, ўтган 11 ойда чегара орқали ҳаракатланган транспорт сони 400 мингга ошиб, 3 миллионга етди.
Келгуси йилда “Ғишткўприк”, “Навоий”, “Довут-ота”, “Шовот” ва “Гулбаҳор” чегара постларида қўшимча коридорлар қурилиб, ўтказиш қуввати 5 карра оширилади.
ЎзА