Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонланмоқда. Нукус шаҳрининг Отчопар майдонида ушбу санага бағишлаб тантанали байрам томошалари бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригидаги “Ана шундай мураккаб шароитга қарамасдан, жорий йилда сизларнинг машаққатли меҳнатингиз билан юртимизда 9 миллион тонна дон, 3 миллион тоннадан ортиқ пахта, 16 миллион тоннадан зиёд сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка, 15 миллион тоннадан кўп гўшт ва сут, 30 минг тонна пилла етиштирилгани – чинакам қаҳрамонлик намунаси, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади” деган фикрлари соҳа ходимларини янги ютуқларга бошлайди, албатта.
Дарҳақиқат, ўтган қисқа давр мобайнида қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар соҳа тараққиётида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Aйниқса, Президентимизнинг жорий йил 9 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жорий йилда қишлоқ хўжалиги субъектларига 52 миллиард 342 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилганлиги, лазерлик текисланган ерларга сарфланган дизель ёқилғиси нархларини қоплаш учун 1 миллиард 200 миллион сўмлик субсидия берилганлиги, Беруний, Aмударё, Чимбой ва Қонликўл туманларида техника-сервис соҳалари ташкил этилиб, зарур қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлангани, балиқчилик хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш мақсадида “Қорақалпоқбалиқ” бирлашмасининг ташкил этилганлиги буларнинг барчаси соҳага қаратилаётган алоҳида эътиборнинг амалий ифодасидир.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 786 дона қишлоқ хўжалиги техникаси лизинг асосида олиб келингани ва бунинг учун 6 ярим миллиард сўмлик субсидия берилгани, 20 минг гектардан ортиқ экин майдонлари қайта фойдаланишга киритилгани ва 16 минг 554 гектар майдонга сув тежовчи технологиялар жорий қилингани, 138 миллиард 260 миллион сўм маблағ ҳисобидан ирригация-мелиорация объектларида 187 км қурилиш-реконструксия ишлари ва 490 км таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилганлиги, 151,4 км магистрал каналлар ва ички қопламалар бетонланганлиги, 36 та қишлоқ хўжалиги агрокластери фаолиятининг йўлга қўйилгани – буларнинг барчаси бу соҳада жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилаётган ходимлар даромадларининг ошишига ва иқтисодиётимизнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, йил бошидан буён озиқ-овқат савдосини ривожлантириш мақсадида 94 миллиард сўмлик 64 та лойиҳа ишга туширилгани, 28 миллион АҚШ долларлик 53,4 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилингани, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик йўналишларида 151 та лойиҳа иш бошлаганлиги, хорижий давлатлардан 709 бош наслли қорамол ва 2 минг 500 бош қўй-эчки олиб келингани забардаст деҳқон ва фермерларимизнинг имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолат.
Байрам тантанасида юртимизда аграр соҳада самарали фаолият олиб бораётган бир қатор меҳнат фахрийлари рағбатлантирилди. Жумладан, “Энг илғор фермер”, “Энг яхши боғбон” “Энг яхши чорвадор фермер” номинациялари ғолиблари Президент совғаси трактор, мини трактор ҳамда мотороллер билан тақдирланди. Шунингдек, “Энг яхши паррандачи”, “Энг яхши балиқчи”, “Энг яхши асаларичи”, “Энг яхши ипакчи”, “Энг яхши механизатор”, “Энг яхши комбайнчи”, “Энг яхши қоракўлчилик хўжалиги”, “Энг яхши ирригатор”, “Энг яхши мелиоратор”, “Энг яхши ветеринар”, “Энг яхши ўсимликларни ҳимоя қилувчи лаборант” номинациялари ғолибларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Байрам томошалари халқ ва миллий спорт ўйинлари билан давом этди. Дастлаб, арқон тортиш мусобақалари ўтказилди ва унда Чимбой тумани биринчи, Қўнғирот тумани иккинчи, Тахтакўпир тумани жамоаси учинчи ўринларни эгаллади.
Қўчқорлар уруши ўйинлари ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Унда Нукус шаҳри, Беруний, Қонликўл, Қўнғирот, Амударё туманларидан келган қўчқорлар ғалаба қозонди. Ҳар бир ғолиб чиққан қўчқор эгаларига гибрид мотороллер, кейинги ўринларга электромотороллер, скутер, телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширилди.
Байрам иштирокчилари эътибори полвонлар беллашувига қаратилди. Бош байроқ учун майдонда Нукус туманидан Захириддийин Зайтов ва Ички ишлар органи ходими Ерназар Сарсенбаев баҳслашди. Бир-бирига муносиб полвонлар беллашувида Ерназар Сарсенбаев ғалаба қозонди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев полвонга бош байроқ – Президентимиз совғаси 50 миллион сўм пул мукофотини топширди. Иккинчи ўрин эгаси З.Зайтов музлатгич, учинчи ўринни эгаллаган Қўнғирот туманидан Э.Айтбаев, шуманайдан М.Абдихаликов қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Бошқа вазн тоифасида беллашган полвонларга пул мукофоти топширилди.
Бундан кейин бир, уч, беш, етти, ўн айланишга отлар мусобақасига республиканинг барча туманларидан келган моҳир чавандозлар ташкилотчилар томонидан қўйилган қимматбаҳо совғалар учун пойгага тушди. Айниқса, ўн айланишдаги от чопиш барчанинг диққат марказида бўлди. Унда пойгага биринчи бўлиб келган Кегейли туманидан Маҳсуд Абдиразақов тулпори бош байроқни қўлга киритди. Унга Президентимиз совғаси “Onix” автомашинаси топширилди. Кейинги ўринларни эгаллаган чавандозлар, шунингдек, “Қиз қувиш”, “Танга олиш”, “Кўпкари” мусобақа ғолибларига ҳам совғалар топширилди.
Байрам иштирокчиларига деҳқонларимиз томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси, моҳир ошпазлар томонидан тайёрлаган турли таомлар тақдим этилди. Санъат усталари ижросидаги концерт дастури байрам иштирокчиларига катта завқ бағишлади. Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган байрам томошалари халқ сайли билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА