Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Жаҳон банки вакиллари билан мамлакатда кичик ва микро-гидроэнергетика лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга доир музокаралар ўтказилди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги мақсадлари, кичик гидроэнергетика сектори учун молиялаштириш имкониятлари ва техник ечимлар муҳокама қилинди.

Жаҳон банки вакиллари илгари ўтказилган тадқиқотлари асосида танланган лойиҳаларни амалиётга жорий этиш учун янги молиявий механизмлар ишлаб чиқилаётганини таъкидлади. Улар ўзининг ушбу соҳадаги тажрибасини Ўзбекистон билан бўлишишга тайёр эканини билдирди.

Шундан сўнг томонлар кичик гидроэлектростанцияларни ривожлантириш орқали қишлоқ ҳудудларида электр таъминотини яхшилаш, энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратди.

Шунингдек, улар тезкор ишчи гуруҳни ташкил этиш ва мунтазам мулоқотни давом эттириш муҳимлигини қайд этди.

Музокаралар якунида амалий қадамларни жадаллаштириш ва ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришга келишилди.

Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА