Уммон Султонлигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо Жабр Носир ал-Бусаидий хоним Самарқанд давлат чет тиллар институти фаолияти билан танишди.

Институт ректори Б.Холиқов билан учрашув чоғида Уммон Султонлиги олий таълим муассасалари билан Самарқанд давлат чет тиллар институти ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари, илмий тадқиқот ишларини биргаликда ташкил этиш, ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.

1973 йилнинг 18 декабрида БМТнинг араб тилини расмий тил сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган ва ЮНЕСКО томонидан бу кун бутунжаҳон халқаро араб тили куни этиб белгиланган. Шундан буён халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари ва араб тили ўрганилаётган олий таълим муассасаларида араб тили байрами ўтказилади.

Вафо Жабр Носир ал-Бусаидий хоним институтда ушбу сана муносабат билан ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда иштирок этди.

Тадбирда ўзбек ва араб халқлари ўртасидаги дўстлик, ўхшаш анъана ва қадриятлар ҳақида сўз юритилди. Ренессансларга асос солган аждодларимиз ўз даврининг илмий тили ҳисобланган араб тилида буюк асарлар яратгани қайд этилди. Бугун институтда юзлаб ўзбек ёшлари араб тилини катта қизиқиш билан ўрганмоқда. Уларга маҳаллий мутахассислар билан бирга араб мамлакатларидан келган ўқитувчилар сабоқ бермоқда.

Элчи хоним араб тилининг халқаро майдондаги аҳамияти, уни хорижликларга ўргатиш йўналишида Уммон Султонлиги ҳамда Султон Қобус университети томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритди. Хорижий тилларни, жумладан, араб тилини ўрганаётган талабаларга ўз маслаҳат ва тавсияларини берди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири