Мамлакатимизда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муносабатларида халқаро стандартларни жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо миллий қонунчилигимизда меҳнат жараёнида бошқа ходимга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиб, тазйиқ ва зўравонлик содир этиш ҳолатларига чек қўйиш бўйича мезонлар етарли эмас. Шунингдек, бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали унинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик)ларнинг тақиқланиши аниқ белгиланмаган.

Иш жойларида тазйиқ ва зўравонликларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга тегишли чоралар қўллаш, жабрланган шахсларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий асослар мавжуд эмаслиги, табиийки, бу кўзда  тутилган салбий ҳолатларнинг олдини олишга ҳам тўсқинлик қилади.

Шундан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, эндиликда фуқаро муҳофазасига қаратилган «меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш, тазйиқ ва зўравонликни тақиқлаш» принципи ўзгартирилиши таклиф этиляпти. Шунингдек, камситиш сифатида баҳоланадиган ҳолатлар рўйхатига «терисининг ранги, оилавий аҳволи, сиёсий қарашлари» билан боғлиқ ҳолатлар ҳам киритилмоқда.

Меҳнат жараёнида бошқа ходимга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки таҳдид қилган ходимни иш берувчи ташаббуси билан бошқа ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш амалиёти қўлланилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, лойиҳада ишлаётган эркаклар фарзандли бўлганда, турмуш ўртоғига ёрдам бериш ва бошқа фарзандларига қараб туриши учун қисқа муддатли таътилга чиқиши билан боғлиқ меъёрлар таклиф этилмоқда. Шу кунга қадар миллий қонунчилигимизда бундай таътил назарда тутилмаган эди. Шу сабабли эркаклар касбий ва оилавий мажбуриятларини уйғун тарзда амалга оширишга қийналган ёки ўз ҳисобидан таътил олишга мажбур бўлган. Бу эса оиланинг иқтисодий ҳолатига салбий таъсир қилади.

Лойиҳага кўра, янги фарзанд кўрган оталарнинг турмуш ўртоғига ёрдам бериши унинг иқтисодий аҳволига таъсир қилмайди. Яъни, ота ихтиёрий равишда ўз аризаси билан белгиланган муддатларга таътил олиши ва иш ҳақини ўртача ойлик миқдорида сақлаб қолиши мумкин.

Фракция аъзолари муҳокамалар давомида қонун лойиҳасининг қабул қилиниши меҳнат жараёнларида тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, эркаклар ўз касбий ва оилавий мажбуриятларини уйғун тарзда амалга ошириши учун шароит яратишга хизмат қилишини таъкидлади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА