Маълумки, мамлакатимиздаги мавжуд табиий иқлим шароити қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, хусусан, мева-сабзавотчиликни барқарор ривожлантириш имконини беради. Шунинг учун бугунги кунда мамлакатимизда бозор муносабатларига ўтиш жараёнида мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга устувор йўналиш сифатида катта эътибор қаратилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ва Хитой Халқ Республикасининг “Wanlin Group” компанияси вакиллари ўртасида ташкил этилган учрашувда ҳамкорликда йўлга қўйиладиган “Ўзбекистон – Қингдао қишлоқ хўжалиги саноат, фан ва технологиялар парки” лойиҳасининг фаолият йўналишлари, ундан кутилаётган натижалар ҳамда лойиҳа доирасида томонларнинг мажбуриятлари ҳақида сўз борди.

Қишлоқ хўжалиги саноат, фан ва технологиялар паркининг фаолияти асосан икки қисмдан иборат бўлиши, келгусида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш, шунингдек, қишлоқ хўжалигига техник хизмат кўрсатиш ва аграр соҳани қўллаб-қувватловчи тармоқларни ривожлантириш мақсад қилингани қайд этилди.

Шунингдек, юртимизда етиштирилган сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган йирик корхона ташкил этиш ва тайёр маҳсулотнинг 90 фоизини Европа давлатларига экспорт қилиш режалаштирилгани таъкидланди. Ўз навбатида, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари мамлакатимизда инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ҳақида сўз юритиб, пиёз, саримсоқпиёз, сабзи каби сабзавот маҳсулотларини қўшимча қиймат занжири асосида қуритиш ва қайта ишлаш учун кенг имкониятлар мавжудлигини айтиб ўтди.

Улар ҳамкорликда йўлга қўйиладиган лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистоннинг сабзавот етиштиришга мос ҳудудлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Учрашувда томонлар дунё мамлакатларида қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаблар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ва тайёр маҳсулотни экспорт қилишда логистик афзалликлар ҳақида фикр алмашди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви, денгизга чиқиш имконияти бўлмагани сабабли транспорт харажатларини қоплашда давлат томонидан кўрсатилаётган енгилликлар ҳам муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида томонлар янги лойиҳани бошлаш учун тегишли ҳужжатлар пакетини қисқа муддатларда тайёрлаш бўйича ҳамкорликда ишлашга келишди.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА