Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизмати ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомда ички аудит хизмати ташкил этилган вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг ички аудит хизматлари раҳбари ва ходими фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш, уларни рағбатлантириш ва рейтингини юритиш тартиби белгиланди.
Ички аудит хизматлари ходими фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари этиб бюджет тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ҳолатларининг олдини олишдаги натижалари, масофавий назоратни амалга оширишдаги натижалари, ички аудит йиллик режасида ходим масъул бўлган ички аудит тадбирларининг ўтказилиши ҳамда ходим томонидан берилган таклиф ва тавсияларнинг ички аудит объектлари томонидан бажарилиши белгиланди.
Ходим фаолиятининг самарадорлиги кўрсаткичларини ҳисоблаш натижалари ҳар чорак ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-санасига қадар белгиланган шаклда баҳолаш тизимини жорий этиш ва ишлашини мониторинг қилиш бўйича масъул таркибий тузилмага киритилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ходим фаолиятининг самарадорлиги йиғма кўрсаткичлари ва унинг баҳоланиши бўйича маълумотлар ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-санасига қадар тақдим этилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА