Баҳрайнда оғир атлетика бўйича поёнига етиб бораётган жаҳон чемпионатида Руслан Нуриддинов -109 килограммда яна бир карра ўз истеъдодини намойиш этган бўлса, истеъдодли ёш спортчимиз Шарофиддин Амриддинов даст кўтаришда олтин медалга сазовор бўлиб, тажрибали спортчиларимизнинг янги, олтин авлоди етишиб келаётганини намойиш этди.
-109 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Руслан даст кўтариш машқида 182 кг. билан бешинчи ўринни банд этган эди. Силтаб кўтариш дастурида юксак маҳорат кўрсатиб, 242 килограмм тошни бўйсундириб, 3 йил аввал ўтган дунё биринчилигида ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилашга эришди.
Чемпионат жараёнида Нуриддинов қайд этган 424 кг. натижани ҳеч бир оғир атлетикачи янгилай олмади. У учинчи бор икки кураш бўйича жаҳон чемпиони сифатида эътироф этилди.
Айтиш лозим, янги Олимпия ўйинлари цикли бошланиши муносабати билан Нуриддиновнинг ўз истеъдодини намойиш этиши ортидан кўплаб етакчи спортчилар қатори, миллий терма жамоа мураббий-мутахассисларини янгича форматда ишлаш, тайёргарлик тамойилини белгилаб олишда ўзига хос мураккабликларни келтириб чиққанлиги бор гап. Айни ҳолат ўзбек оғир атлетикаси «Лос-Анжелес-2028″га ҳозирликни бугундан бошлаганини кўрсатмоқда.
Даст кўтариш йўналишида олтин медалга эга чиққан терма жамоамиз аъзоси Шарофиддин Амриддинов силтаб кўтаришда 212 кило билан олтинчи, умумий ҳисобда эса 396 килограмм билан бешинчи бўлди.
Якунига етиб бораётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада улуғлади.
Т.Рўзиев, ЎзА