Халқаро майдонда очиқлик сиёсатининг юритилиши натижасида мамлакатимизда бошқа соҳалар сингари жисмоний тарбия ва спорт тизимида ҳам катта юксалишларга эришилмоқда. Юзлаб давлатларнинг спорт ташкилотлари, халқаро федерациялар, алоҳида спорт клублари, таълим муассасалари билан манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Янги ва истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Биргина Жанубий Корея давлати билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари кенг миқёсда равнақ топмоқда.

Авваллари ушбу мамлакат билан тор доирадаги қайсидир спорт турлари, мусобақа ва турнирлар орқали муносабатда бўлинган бўлса, кейинги йилларда спорт таълимининг бир неча йўналишларида, халқаро турнирлар ўтказиш борасида амалий ишлар йўлга қўйилмоқда.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Умумжаҳон таэквондо полицияси федерациясининг ижрочи маслаҳатчиси, Жанубий Кореянинг Почеон шаҳри мери Парк Ёон-Гук бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув чоғида шу ҳақда сўз борди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов юртимизда Жанубий Корея билан жисмоний тарбия ва спортнинг турли йўналишларида мустаҳкам ва ишончли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганини, таэквондо спорт тури бўйича Ўзбекистонда бажарилган ишлар эътиборли эканини таъкидлади.

Мамлакатимизда таэквондо бўйича халқаро даражадаги малакали мутахассисларни тайёрлаш, унинг моддий техник базасини кучайтириш, икки томонлама ҳамкорлик доирасида жисмоний тарбия ва спорт университети ҳудудида янги таэквондо залини барпо этиш ва ушбу мажмуада ҳар йили ҳоким Парк Ёон-Гук кубогини ташкил қилиш каби масалалар юзасидан фикрлар билдирилиб, келишувларга эришилди.

Умумжаҳон таэквондо полицияси федерациясининг ижрочи маслаҳатчиси, Жанубий Кореянинг Почеон шаҳри мери Парк Ёон-Гук Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг спорт соҳасига қаратаётган алоҳида эътибори «Париж-2024» Олимпиадасида, халқаро майдонда ўтказилаётган кўплаб жаҳон ва қитъа чемпионатларида яққол намоён бўлаётганини билдирди.

Т.Рўзиев, ЎзА