АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Хитой раҳбари Си Цзиньпинни 2025 йил январь ойида ўтказиладиган инаугурация маросимига таклиф қилди, деб хабар бермоқда “BNN Bloomberg” нашри.

Трамп яқинда “NBC” телеканалига берган интервьюсида Си Цзиньпин билан шу ҳафта ичида гаплашганини ва Хитой раҳбари билан “жуда яхши тил топишиб кетганини” айтганди. Охирги марта икки етакчи 2019 йил июнь ойида Японияда бўлиб ўтган G20  саммити доирасида учрашган эди.

Давлат департаменти маълумотларига кўра, одатда элчилар иштирок этадиган АҚШ президентининг инаугурация маросимида 1874 йилдан бери ҳеч бир хорижий давлат раҳбари қатнашмаган.

Си Цзиньпин охирги марта 2023 йил ноябрь ойида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик саммитида иштирок этиш учун АҚШга ташриф буюрган ва президент Жо Байден билан музокаралар ўтказган эди.

Икки давлат раҳбарлари одатда навбатма-навбат бир-бирларига ташриф буюришади ва бу тенденция давом этса, энди Хитойга ташриф буюриш гали АҚШ раҳбарига келади, чунки амалдаги президент Жо Байден ўз ваколати давомида Хитойга ташриф буюрмаган.

Жо Байден билан сўнгги учрашувида Си Цзиньпин ўз ҳамкасбини Коммунистик партиянинг қудратига путур етказиш, иқтисодий ўсишни чеклаш ёки Тайвань мустақиллигини рағбатлантиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлардан огоҳлантирганди.

Дональд Трамп ўзининг янги маъмуриятида бир қатор асли хитойлик АҚШ мулозимларини иқтисодиёт ва хавфсизлик бўйича котиб этиб тайинлади.

Аввалроқ, Си Цзиньпин савдо ва технология урушларида “ғолиблар” бўлмаслигини, расмий Пекин Вашингтон билан мулоқотни давом эттиришга ва келишмовчиликларни бартараф этишга доим тайёрлигини билдирган эди.

Г.Сатторова, ЎзА