Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ёшларнинг жаҳон андозаларига мос замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан таълим, соғлиқни сақлаш тизимига берилаётган катта эътибор натижасида Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида таълим соҳасига 99 миллиард 776 миллион сўм, тиббиёт соҳасига 17 миллиард 749 миллион сўм маблағ ажратилди. Шундан, Шодлик маҳалласида 792 ўринли, Уллибоғ овулида 330 ўринли, Дўстлик маҳалласида 220 ўринли мактаб ҳамда 8, 10, 14, 28, 33, 49, 63-сонли мактабларга қўшимча ўқув бинолари, Отаюрт, Пахтачи, Уллибоғ, Кўна Тўрткўл овулларида, Нурли йўл, Анҳорли маҳаллаларида янги мактабгача таълим ташкилоти биноларини қуриш ишлари олиб борилаётгани аҳоли учун муносиб совға бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2024 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида тумандаги туғруқхона комплексига янгидан қўшимча 70 ўринли бино қуриш ҳамда мавжуд бинони мукаммал таъмирлаш ишлари учун 12 миллиард 599 миллион сўм ажратилди. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида мавжуд бинони таъмирлаш учун 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу иншоотларни тендер асосида “Исломбой Рейимов” ҳамда “Тезкор махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамиятлар томонидан бугунги кунда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилиб, замонавий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланди.

Бугунги кунда туман аҳолисига Тиббиёт бирлашмаси ва унинг таркибида 430 ўринли стационар даволаш шифохона, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 9 та оилавий поликлиника, 7 та оилавий шифокорлик пункти хизмат кўрсатади. Жорий йилда туман тиббиёт бирлашмаси “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида фаол иштирок этиши натижасида болалар ҳамда физиотерапия бўлимлари таъмирлаш учун 1 миллиард 300 миллион сўм, Тез тиббий ёрдам биносига қўшимча бино қуриш учун 1 миллиард 300 миллион сўм, кўп тармоқли марказий поликлиника биносини таъмирлаш учун 1 миллиард 350 миллион сўм, жами 3 миллиард 950 миллион сўмлик 3 та лойиҳа ютиб олинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.