Швейцариянинг Цюрих шаҳрида Халқаро футбол федерациясининг (ФИФА) навбатдан ташқари Конгресси ўтказилди.
Унда ФИФА раҳбари Жанни Инфантино Саудия Арабистони 2034 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишини эълон қилди. Бундай қарорга келишига сабаб Саудия Арабистони чемпионатни ўтказиш учун ягона номзод бўлган.
Аввалроқ, Австралия 2034 йилги Жаҳон чемпионатини ўтказишга даъвогар бўлган. Бироқ, якунда тегишли ҳужжатларни топширишдан воз кечди.
2034 йилги баҳслар мамлакатнинг Ар-Риёд, Жидда, Абха, Ал-Хубар ва Неом шаҳарларидаги 15 та стадионда ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Конгрессда 2030 йилги мундиал бир вақтнинг ўзида олти мамлакат – Марокаш, Испания, Португалия, Аргентина, Уругвай ва Парагвайда ўтиши белгиланди.
Ушбу мусобақанинг фақат биринчи учта ўйини Уругвай, Аргентина ва Парагвайда бўлиб ўтади. Қолган барча ўйинлар Марокаш, Португалия ва Испанияда ўтказилади.
Аслида, 2030 йилги жаҳон биринчилигининг ҳақиқий мезбонлари Марокаш, Португалия ва Испания. Аргентина, Уругвай ва Парагвайдаги ўйинлар футбол бўйича Жаҳон чемпионатлари ўтказила бошланганига 100 йил тўлиши шарафига уюштирилади.
Маълумот ўрнида: 2026 йилнинг 11 июнь — 19 июль кунлари АҚШ, Канада ва Мексика мамлакатларида футбол бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА