Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилишда ёшларнинг ўрни муҳим. Қолаверса, ёш авлод вакилларини она табиатга меҳр ва ғамхўрлик руҳида тарбиялаш, уларда экологик маданиятни шакллантириш бугунги давр учун долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Экологик партиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ташкилотларида ёшлар иштирокида «Ёш экологлар» қанотини таъсис этиш, Кенгаш аъзолари ва раисларини сайлаш масаласини кўриб чиқиш бўйича конференция бўлиб ўтди.

Партия ташкилотлари қошида «Ёш экологлар» қанотини таъсис этишдан мақсад партиянинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда ёшларни кенг жалб қилиш, ўсиб келаётган авлод орасида экологик маданиятни янада кенг тарғиб қилиш ва бу орқали экологик барқарорликка эришишдир.

Барча ҳудудий ташкилотларда ўтказилган конференцияларда ёшларни қўллаб-қувватлаган ҳолда «Ёш экологлар» қаноти таъсис этилди ва унинг аъзолари ва раиси сайланди.

Конференцияларда иштирок этган ёшлар 2025 йил давомида ёшлар орасида тарғибот тадбирларини самарали ташкил қилиш, турли танловлар, акциялар ўтказиш бўйича ўзининг таклифларини билдирди.

Декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида республика «Ёш экологлар» қаноти конференциясини ўтказиш бўйича қарорлар қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА