Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қатъий чора-тадбирлар амалга оширилиб, юздан ортиқ норматив ҳужжат, жумладан, алоҳида қонун, фармонлар, қарорлар ва давлат дастурлари қабул қилинди.
Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, давлат хизматини тубдан такомиллаштириш орқали барча соҳаларда коррупцияга барҳам бериш, унинг илдиз отишига шароит яратаётган сабабларни бартараф этишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш ва очиқлик борасидаги ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш, коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолаш тизимлари жорий этилди.
Давлат фуқаролик хизматчилари одоб ахлоқининг янги таҳрирдаги намунавий қоидалари ҳамда давлат органларидаги одоб ахлоқ комиссияси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Барча давлат органлари ва ташкилотларида халқаро стандартлар асосида коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс-назорат) тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.
Иштирокчилар коррупцияга қарши курашишда очиқлик тамойилининг аҳамияти, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳити қарор топишида журналистларининг ўрни ва роли, тузилмада йўлга қўйилган коррупцияга қарши курашиш тизимининг иш самарадорлигини ошириш масалаларини кенгроқ муҳокама қилди.
Коррупцияга қарши курашиш жараёнларида фаол иштирок этаётган фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кенгроқ ёритиш, улар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, жамоатчилик назорати олиб борилишида фаол иштирок этиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Аҳолининг коррупция иллати билан боғлиқ маълумотлардан хабардорлиги ошириш, коррупцияга дуч келганда амалга ошириши зарур бўлган ишлар ҳақидаги ахборотлар, таҳлилларни кўпроқ эълон қилиш, умуман, жамиятда коррупциянинг олдини олиш механизми кучайишига ҳисса қўшиш борасида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА