Минскдаги Дўстлик уйида машҳур олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирда Беларусдаги расмий органлар, аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, Беларусь Миллий Фанлар академияси ходимлари, академиклар, профессорлар, талабалар ва журналистлар қатнашди.
Унда Беларусь Миллий Фанлар академияси академиги Пётр Витязь Мирзо Улуғбекнинг илмий-маърифий мероси ҳақидаги маъруза билан сўзга чиқиб, олимнинг буюк тадқиқотчи ва ҳукмдор бўлганини таъкидлади. Беларусь Миллий Фанлар академиясининг мухбир-аъзоси, профессор Сергей Раҳмонов Мирзо Улуғбекнинг Иккинчи Шарқ уйғониш даври ривожида ўрни муҳимлигини қайд этди.
Беларусь миллий техника университетининг архитектура факультети декани Армен Сардаров Мирзо Улуғбек ташаббуси билан мадраса ва мактаблар, кутубхона ва масжидлар барпо этилгани, бу Осиёнинг илм-фан ва маданият марказига айланишига сезиларли ҳисса қўшганини қўшимча қилди.
Тадбир якунида ўзбек миллий куй-қўшиқлари ижро этилди. Бу йиғилганларга шарқона ижод муҳитидан баҳраманд бўлиш имконини берди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА.