Жорий йилнинг 3-15 декабрь кунлари Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтади.

Қорақалпоғистон Республикасида бошланган “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари йиғилганларда катта таассурот қолдирмоқда.

Жумладан, Нукус шаҳар ҳокимлигида “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” зиёлилар форуми, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Янги Ўзбекистон ислоҳотлар фалсафаси” маънавий-маърифий тадбир, Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида “Замонавий ёшлар – тараққиёт драйвери” мулоқот учрашуви, Қорақалпоғистон санъат саройида “Кино-карвон” лойиҳаси, “Деҳқон арна” маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар билан учрашувда Маърифат тарғиботчилари жамияти аъзолари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи шоирлар, талаба ёшлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик ҳам оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси кафедра мудири, социология фанлари доктори, профессор М.Бекмуродовнинг “Янги Ўзбекистонда инсон салоҳиятини ривожлантириш”, Ўзбекистон Миллий университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори О.Aлимардоновнинг “Янги Ўзбекистоннинг маърифатли ташқи сиёсати”, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор М.Қуроновнинг “Aзиз ватандошим. Мафкуравий иммунитетингиз мустаҳкамми” мавзуларида маърузалари иштирокчилар томонидан қизғин кутиб олинди.

Ушбу тадбирлар давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18-20 ноябрдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисидаги нутқи мазмун-моҳиятини зиёлилар иштирокида кенг оммага етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, Янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги тараққиётини барпо этиш, янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилган ишлар, олдимизда турган муҳим вазифа ва мақсадлар, кенг қамровли ислоҳотлар хусусида тўлиқ маълумот берилмоқда.

“Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тадбирларининг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳудудлардаги олимлар, зиёлилар, санъат ва маданият намоёндалари, маънавий-маърифий ишларга масъуллар, маҳалла фаоллари ҳамда илғор ёшларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, мамлакатимизнинг миллий-мафкура йўналишидаги ислоҳотлари, жамиятни, айниқса, ёшларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилишда зиёлиларни фаолликка ундаш, улар учун мулоқот платформасини яратишдан иборат. Айнан зиёлиларни мазкур ишга кенг жалб қилиш орқали, халқимиз орасида ўзликни англаш ва тарихий илдизимизга оид билимларни ошириш мақсад қилинган.

– “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тадбирларининг айнан Қорақалпоғистон Республикасидан бошлангани бежиз эмас, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси кафедра мудири, социология фанлари доктори, профессор М.Бекмуродов. – Чунки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги йилларда Оролбўйида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш юзасидан мамлакатимизда, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишларни кенг оммага ва ёшларга етказишдан иборат.

Тадбир иштирокчиларига “Mен ҳам ҳарбий бўламан” ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида видеороликлар намойиш этилди.

“Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тадбирлари туманларда давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА