Таиландда катталар ўртасидаги Осиё чемпионати боксчиларимиз учун муваффақиятли ўтаётганидан хабарингиз бор.
Мусобақанинг кечаги дастуридан ўрин олган чорак финал жангларида Мужибилло Турсунов, Ҳавасбек Асадуллаев, Жавоҳир Умматалиев, Фарзона Фозилова ҳамда Сабина Бобоқулова ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди.
Бугун, 5 декабрь кунги дастур давомида 5 нафар боксчиларимиз чорак финалда ўз жангларини ўтказадилар.
Жумладан, эркаклар ўртасида -57 кг. вазнда жанг қилаётган Миразизбек Мирзахалилов Хусравхон Раҳимов (Тожикистон) билан рақобатлашса, вазни -80 кг. бўлган Тўрабек Ҳабибуллаев Аҳмад Самир Давраҳини (Афғонистон) синовдан ўтказади.
Хотин-қизлар орасида эса -52 кг. вазн тоифасида Феруза Казакова Мунгунсаран Балсанга (Мўғилистон) қарши рингга кўтарилади. Нигина Ўктамова эса -57 кг. вазнли боксчилар беллашувида тожикистонлик Мижгона Самадова билан куч синашадиган бўлди. -60 кг. вазн тоифасида муваффақиятли иштирокини давом эттираётган Ситора Турдибекова хитойлик Қианге Ли билан ярим финал йўлланмаси учун жанг қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА