Корея Республикасида кузатилаётган кутилмаган воқеалар асносида, қайсидир маънода, кутилган бир воқеа ҳам юз берди. Яъни, қисқа муддатли ҳарбий ҳолат эълон қилинишига қисман жавобгар бўлган мудофаа вазири Ким Ёнг Хюн сўраган истеъфо қарори қабул қилинди.
Президент Юн Сок Ёль собиқ биринчи ҳарбий мулозимнинг сўровини тасдиқлаган.
ОАВ ёзишича, давлат раҳбарига ҳарбий ҳолат эълон қилиш бўйича айнан у маслаҳат берган. Бу мамлакат бўйлаб сиёсий инқироз бошлангандан бери илк истеъфо.
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Жанубий Кореянинг Саудия Арабистонидаги элчиси Чой Бён Хюк янги мудофаа вазири этиб тайинланган.
Ушбу қарор Юн Сок Ёлнинг сиёсий келажаги ноаниқ бўлиб турган бир пайтда янгради. Зеро, кеча мухолиф партиялар давлат раҳбарига нисбатан импичмент эълон қилиш таклифини илгари суриши Президентнинг бошқарув қобилиятига оид саволларни келтириб чиқарди.