Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Бу жараёнда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги муносабатлар ва ўзаро лойиҳалар стратегик аҳамият касб этаётир. Хусусан, ҳамкорликдаги иқтисодий лойиҳаларни такомиллаштириш ва уларни янада самарали амалга ошириш мақсадида мунтазам учрашувлар ташкил этилиши бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Куни кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбати шундай ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлди.

Икки томон вакиллари, етакчи инвесторлар иштирок этган ушбу тадбирда тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликдаги лойиҳаларни ривожлантириш, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечимларини топиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, турк сармояси иштирокидаги қўшма корхоналар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бизнес тартиб-қоидаларини соддалаштириш ҳамда инфратузилма ва саноат соҳаларидаги янги лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумотларга кўра, сўнгги беш йил ичида мамлакатимизда турк сармояси иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар сони уч бараварга ошиб, 1903 тага етган. Фақатгина 2023 йилда 1,2 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилган бўлиб, жорий йил бошидан бери 300 дан ортиқ янги турк компанияси ташкил этилган.

Тадбир давомида инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш, солиқ имтиёзлари ва пул ўтказмалари жараёнларини такомиллаштириш, транспорт ва саноат соҳаларида қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш каби йўналишларда муҳокамалар ўтказилди.

Музокаралар якунида томонлар мавжуд муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва самарали ечимларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди. Таҳлилчилар таъкидлаганидек, икки томонлама ҳамкорликдан манфаатдор томонлар учун ушбу мулоқот муҳим аҳамиятга эга бўлиб, янги истиқболларни белгилаб берди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА