Жорий йилнинг 19-20 август кунлари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида ҳудудда янгидан қурилган IT Park Қорақалпоғистон филиалида бўлиб, ҳудуддаги ёшларнинг стартапларини қўллаб-қувватлаш ва уларни халқаро даражага олиб чиқиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Ушбу топшириқларни амалга ошириш мақсадида Қорақалпоғистонда турли технологик ва инновацион лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов IT Park Қорақалпоғистон филиалига ташриф буюриб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. IT Park ходимлари ва ҳудудий раҳбарлар билан учрашув ўтказиб, соҳага оид долзарб масалаларни муҳокама қилди.

Жумладан, ҳудудда IT хизматлар экспорти ҳажмини ошириш, хорижий компанияларни ҳудудга жалб қилиш ва ёшлар учун юқори даромадли иш ўринлари яратишга оид вазифалар белгиланди.

Шунингдек, IT Park фаолиятини янада кенгайтириш ва инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча имкониятлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Н.Раҳмонова, ЎзА