Нукусдаги Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида «Еркин Қарақалпақстан» газетасининг 100 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб буюк қорақалпоқ шоири Ажиниёз Қўсибой ўғлининг бюстига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Рустам Сапарбоев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, «Янги Ўзбекистон» – «Правда Востока» газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор ва вазифалар ҳақида гапирди.

1924 йилнинг декабрь ойида Қорақалпоғистон Aвтоном Республикасининг Тўрткўл шаҳрида эл оғалари Қосим Aвезов, Aбиў Қудабаев ва маърифатпарвар жадид Сайфулғабит Мажитов ташаббуси билан илк бор чоп этилган газета бугунга келиб бир асрлик йўлни босиб ўтди. 1930 йилга қадар «Еркин қорақалпоқ», бир йил давомида «Меҳнаткаш қорақалпоқ», 1931-1957 йилларда «Қизил Қорақалпоғистон» 1957-1992 йилларда «Совет Қорақалпоғистони» номлари билан аталган газета мустақилликдан сўнг «Еркин Қорақалпоғистон» номи билан нашр этилмоқда.

Қорақалпоқистоннинг бош нашри ҳисобланган газета ўтган йиллар мобайнида қорақалпоқ халқи ҳаётининг кўзгусига айланди. Қорақалпоқ тилининг ривожланиши, бадиий сўз санъатнинг равнақ топишида ўзига хос мактаб вазифасини ўтади.

Газетага ўз мақолалари билан мунтазам қатнашиб келаётган ижодкорлардан тузилган адабиёт тўгараги негизида Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ташкил этилгани, педагогика ва қишлоқ хўжалиги техникуми қошида ташкил этилган «Тонг нури» труппаси кейинчалик қорақалпоқ театр маданиятининг шаклланишида алоҳида ўрин тутганини таъкидлаш лозим.

Газета халқ минбари, ислоҳотлар кўзгуси. Таҳририят ўз ўқувчилари, кенг жамоатчилик олдида катта нуфузга эга.Ўтган йили мамлакатимизда ўтказилган «Олтин қалам» XVII Миллий мукофоти халқаро танловида «Еркин Қарақалпақстан» газетаси биринчи ўринга сазовор бўлди.

Тадбирда бир гуруҳ ходимларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан фахрий унвонлар, кўкрак нишонлари, шунингдек, эсдалик совғалари топширилди. Жумладан, «Еркин Қарақалпақстан» – «Вести Каракалпакстана» газеталари бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Қ.Байниязов, «Еркин Қарақалпақстан» газетасининг масъул котиби С.Жаниев, «Вести Каракалпакстана» газетаси мухбири А.Аминова «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист», «Еркин Қарақалпақстан» – «Вести Каракалпакстана» газеталари бош муҳаррири ўринбосари Б.Қулатаев «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвонлари билан тақдирланди.

Тантанали тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари