Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигидаги делегацияси “Корея Республикаси ва Марказий Осиё ҳудудлараро ҳамкорлик” форуми доирасида делегация Кореянинг қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш бўйича энг йирик “TYM” компанияси фаолияти билан танишди.

Унда Оролбўйида қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳаллий мутахассислар ва техник ходимларни тайёрлаш бўйича сервис тармоғини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бундан сўнг “KIDL Co Ltd.” компанияси билан ўтказилган учрашувда “Шамчироқ Тўрткўл” масъулияти чекланган жамият ўртасида иссиқхона ускуналарини етказиб бериш бўйича келишув имзоланди.

Келишувга мувофиқ, “KIDL Co Ltd.” компанияси томонидан 62 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа молиялаштирилиши белгилаб олинди. Бундан кейин, Яшил иқлим фонди вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш ва экологик тоза технологияларни жорий этишга грант маблағларини жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашувлардан сўнг делегация Корея – Марказий Осиё минтақалараро ҳамкорлик бўйича биринчи форумида иштирок этди. Форум дастурида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик, маданий ва илм-фан алмашинувлари, шунингдек, экология ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги қўшма ташаббуслар каби яқин шерикликнинг устувор йўналишларига бағишланган тематик сессиялар ўтказилди.

Делегация GAROK вакиллари билан учрашиб, музокаралар давомида ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Икки томонлама ташрифларни ташкил этиш, шунингдек, иқтисодиёт, инновациялар, таълим ва экология соҳаларида тажриба алмашиш бўйича янги дастурларни бошлаш масалаларига кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари В.Жоллибеков форумда иштирокчиларни Оролбўйининг инвестицион салоҳияти, яратилган имтиёз ва преференциялар билан таништирди. Учрашув давомида Корея Республикаси ишбилармонлар доиралари вакиллари билан музокаралар ташкил этилди.

Мазкур учрашувларда саноат, энергетика ва агросаноат комплексида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш учун қўшма корхоналар ташкил этиш ва Корея технологияларини жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири