“Миллий кино санъати саройи“да режиссёр ва сценарий муаллифи Элжон Aббосовнинг “Ўзбекистонда кино санъати усталари“ туркумидаги ҳужжатли фильмларнинг илк намойиши бўлиб ўтди.

Ушбу туркумда “Шуҳрат Aббосов“, “Наби Ғаниев“ ва “Комил Ёрматов“ фильмлари асосий ўрин тутади. Фильмлар ўзбек кино санъатининг буюк усталарининг ҳаёти ва ижодини ёритиб, уларнинг санъат ривожига қўшган улкан ҳиссасини очиб беради.

Фильмлар намойишидан аввал Киноарбоблар ижодий уюшмаси раҳбари Матёқуб Матчонов ушбу картиналарни яратишдаги машаққатли ижодий жараён ва уларнинг ўзбек киноси тарихидаги аҳамияти ҳақида гапирди. Шунингдек, режиссёр Элжон Aббосов фильмларининг ғоявий мазмуни ва мақсадлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Шуҳрат Aббосов ўзининг “Маҳаллада дув-дув гап“ каби кино асарлари билан халқимизнинг қалбидан жой олган режиссёр сифатида тарихда қолган. Фильмда унинг нафақат режиссёрлик санъати, балки ўзбек маданиятини дунёга танитишдаги роли батафсил очиб берилган. Наби Ғаниев ва Комил Ёрматов каби улкан шахсларнинг ҳаётий ҳикоялари ҳам Ўзбекистон кино санъатининг ривожланишида муҳим босқичларни акс эттиради.

Айтиш керакки, премьералари ўтказилган ҳар бир ҳужжатли фильм томошабинларга ўзбек кино дарғаларининг ижодий йўли, санъатимизнинг ўзига хос жозибаси ва улкан меросини очиб беришга хизмат қилади. Ушбу ҳужжатли филмлар орқали томошабинлар наинки ўзбек кино санъати ривожини, балки миллий маданиятимизнинг жаҳон майдонидаги муваффақиятларини ҳам англаш имконини бергани билан аҳамиятлидир.

Элжон Aббосовнинг “Ўзбекистонда кино санъати усталари“ лойиҳаси миллий санъатнинг нуфузини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлиб, ўзбек киносининг келажак авлод учун ҳам бой маънавий мерос эканлигини англатади.

Н.Усмонова,

ЎзА