Бугун биз мунозара учун танлаган мавзу ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган, оддий сақичдан тортиб атир-упа тайёрлашда ҳам ишлатиладиган “қора олтин” – нефть.
Энергия ресурси сифатида глобал иқтисодиётда муҳим ўрин эгаллайдиган нефть ва газ нафақат энергия ишлаб чиқариш, балки транспорт, кимё саноати, каби кўплаб соҳалар учун ҳам асосий хом ашё ҳисобланади.
Сўнгги йилларда нефть ва газ бозорида сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда.
Дунё бўйлаб энергия ресурсларига эҳтиёж ошиши баробарида нарх кескин ўзгармоқда. СОVID-19 пандемияси даврида талаб сусайиши натижасида нефть нархи тарихий паст даражага тушиб кетганди. 2021 йилдан бошлаб иқтисодий тикланиш жараёнида қора олтин қимматлаша бошлади. Ўтган мавсум турли геосиёсий омиллар таъсирида нефть нархи янада кўтарилди.
Қолаверса, глобал иқлим ўзгариши ҳам энергия бозорини қўзғатди.
Эндиликда кўплаб давлатлар қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтмоқда. Бу вақти келиб нефть-газга талаб камайиши мумкинлигини англатади.
Ҳукуматимиз охирги йилларда энергетика секторини модернизация қилишга киришди. Ўзбекистоннинг “яшил энергетика” сиёсати доирасида қайта тикланувчи энергия манбаларига инвестиция жалб этишга қаратилган дастурлар амалга оширилмоқда. Айни жараён нафақат экологик тоза энергияни кўпайтиради, балки мамлакат иқтисодиёти диверсификациясига ҳам хизмат қилади.
Мамлакатимиз халқаро бозорда рақобатбардошликни сақлаб қолиш учун ҳам инновацияни жорий этишга интилиши лозим. Энергия самарадорлигини таъминлайдиган янги технология қўллаш орқали нафақат ички талаб қондирилади, балки экспорт имконияти ҳам кенгайтирилади.
Хуллас, нефть ва газнинг келажаги мавҳум вазиятда қолган: глобал иқтисодиёт жадал ўзгариши, иқлим бузилиши ва геосиёсий таҳдидлар соҳанинг асосий муаммоларидир.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон энергетика секторини янгилаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишга қаратилган саъй-ҳаракатни давом эттириши жуда муҳим. Яқин келажакда республикамиз замонавий энергетика тизимининг ажралмас бўлаги сифатида инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиш орқали ривожланиши зарур. Фақат шу йўл билан юртимиз жаҳон энергетика бозоридаги ўрнини мустаҳкамлайди ва барқарор ривожланишга эриша олади.
ЎзА мухбири мамлакатимиз нефть ва газ секторидаги жорий ҳолат, мавжуд қийинчиликлар, истиқболли лойиҳалар ҳақида мулоҳаза юритиш ҳамда глобал миқёсда юз бераётган жараённи чуқурроқ таҳлил қилиш мақсадида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети “Сиёсий фанлар” кафедраси доценти Зокир Усмонов билан суҳбатлашди.
Мусулмон Зиё, Аслиддин Алижонов (видео), ЎзА