Бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда “Ўзтрансгаз” АЖ бўлим бошлиғи Собир Жўраев магистрал газ қувурлари ва муҳандислик иншоотларини жорий куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Унда айтиб ўтилганидек, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан магистрал газ қувурлари ва муҳандислик иншоотларини 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида режали тадбирлар амалга оширилган.
Хусусан, Тошкент вилоятининг 2 та шаҳри ва 4 та туманида яшовчи 100 000 дан ортиқ аҳоли хонадони ва 2 000 дан зиёд улгуржи истеъмолчининг табиий газ таъминоти яхшиланди. “Тошкент-1” газ тақсимлаш станциясида Қибрай ва Тошкент туманлари тармоқларининг газ босимини ростлаш тугунлари алоҳида ажратилди. Натижада ўтказувчанлик қуввати оширилиб, қиш мавсумида ҳар 2 туманга белгиланган ҳажмда узлуксиз табиий газ етказиб бериш имконияти яратилди.
“Mega oil servis” газ тақсимлаш станциясига келтирувчи ва шу жойдан “Янгийўл” станциясигача 3 километрга яқин газ қувури бунёд этилганлиги сабабли Янгийўл шаҳри истеъмолчиларига табиий газ узатиш ҳажми қарийб 2 баробар кўпайтирилди.
– Шу билан бирга, “Қуёшли”, “Тўйтепа” газ тақсимлаш станцияларига келтирувчи 5 километрлик қувурнинг алмаштирилиши ортидан Зангиота аҳолисига табиий газ узатиш ишончлилиги таъминланди. Нурафшон туманига газ узатиш қуввати 2,5 баробар оширилди.
“Оққўрғон” газ тақсимлаш станциясининг газ ростловчи ускуналарининг алмаштирилиши эса Оққўрғон ва Бўка туманларидаги 18 500 дан ортиқ аҳоли хонадони ва 300 дан ортиқ улгуржи истеъмолчи учун газ таъминотини яхшилаш имконини берди. Урганч шаҳрида 68 000 та аҳоли хонадони ва 2 800 та улгуржи истеъмолчига табиий газ узатиш ҳажми ва сифати оширилди. Бунда “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан 1996 йилда ишга туширилган “Урганч” газ тақсимлаш станциясининг реконструкция қилиниши ва 2 та газ фильтри ўрнатилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Станцияга келтирувчи 600 метр қувур тармоғи алмаштирилди. Шунингдек, жамият томонидан бу йил 2 та газ тақсимлаш станцияси қуриб фойдаланишга топширилди, – деди С.Жўраев.
Бу ишлар давомида Қорақалпоғистон Республикасидаги “Тўрткўл” газ тақсимлаш станциясининг янги жойда қурилиши ва замонавий ускуналар ўрнатилиши туфайли туман аҳолисига табиий газ узатиш ишончлилиги оширилди. Наманган шаҳрида эса “Янги Ўзбекистон” газ тақсимлаш станциясининг қурилиши натижасида 3,5 мингдан ортиқ ерли хонадон ва янги қурилаётган кўп қаватли уйлар табиий газ билан таъминланмоқда.
Куз-қишга тайёргарлик давомида 427 та газ тақсимлаш станциясининг фаолиятини барқарорлаштириш мақсадида 1 700 та босим ростловчи мослама, фильтр ва иситиш қурилмалари текширилиб, нуқсонлилари алмаштирилди. 200 дан ортиқ беркитиш мосламаси таъмирланди.
Газ транспорт тизимининг самарали ишлашини таъминлаш учун магистрал газ қувурларида диагностика ишлари бажарилди ва 67 километрдан ортиқ нуқсонли қувур алмаштирилди. “Муборак-Янгиер” қувурида 1,5 километр, “БГР-ТБА-А” қувурида 2 километрдан ортиқ, “Шўртан – Шеробод” ва “ДБСТ” магистрал газ қувурларининг 1 километр нуқсонли қисми капитал таъмирлангани шулар жумласига киради.
Таъкидланганидек, жорий йилда қарийб 50 километр янги қувур тармоғи қурилди. Шунингдек, магистрал газ қувурлари ва компрессор станцияларидаги 10 мингтага яқин беркитиш мосламаси тафтиш қилиниб, нуқсонлари таъмирланди. Компрессор станцияларидаги 96 та газ ҳайдаш агрегати таъмирланди.
Бундан ташқари, 2024 йилда газни ер остида сақлаш иншоотларига 19 фоиз кўп табиий газ жамланди. “Хўжаобод” газни ер остида сақлаш иншоотидаги 18 та қудуқ таъмирланди. Магистрал газ қувурларининг электр кимёвий ҳимояси йўналишида 997 та катодли ҳимоя станцияси, 176 та трансформатор ва 700 километрдан ортиқ ҳаво тармоғи жорий таъмирдан чиқарилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА