Икки қўшни давлат ўртасидаги можаро 2014 йил Россия Қримни аннекция қилиши билан бошланиб, кейинчалик Донбасс ҳудудидаги қуролли тўқнашувлар билан давом этган.
2022 йил февралда РФ кенг миқёсда ҳарбий ҳаракат бошлагач, муносабатлар янги босқичга кирди. Ушбу мақолада урушнинг сабаби, ҳозирги ҳолати ва келажакда эҳтимолий ривожланиш тенденциясини таҳлил қиламиз.
Сабаблар
1. Геосиёсий. Кўпчилик Россия ва Ғарб ўртасидаги рақобат урушнинг асосий сабаби эканлигини таъкидлайди. Украина Ғарбга яқинлашишга интилган сари, Россия ҳам ўз таъсир доирасини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
2. Тарихий омил. Россия ва Украина алоқалари тарихан мураккаб. Совет Иттифоқи таркибида бўлган бу икки давлат ажралгач, томонларда миллатчилик туйғуси, идентификация масаласи ҳам юзага чиқди.
3. Иқтисодий омил. Украина иқтисодий жиҳатдан муҳим ҳисобланган энергетика тармоғи йўлида жойлашган. Шу нуқтаи назардан, энергия ресурслари назорати учун кураш ҳам зиддият сабабларидан бири сифатида кўрсатилади.
Ҳозирги ҳолат
2022 йилдан муносабат кескинлашиб, ҳудудлар учун кураш авж олди. Украина бутун диққат-эътиборини армияни замонавий аслаҳалар билан кучайтиишга қаратмоқда. Россия эса ҳарбий тактикани юмшоқроқ усулда амалга оширишга интиляпти. Фактлар русларнинг куч-қудрати Украинани босиб олишга етадигандек тасаввур уйғотади. Шу билан бирга РФ мақсади йўлида жиддий тўсиқларга дуч келяпти.
Ғарб Россияга кенг кўламли иқтисодий санкция қўллаган, Украинага эса моддий, маънавий ва ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда.
Ривожланиш тенденцияси
Урушнинг келгуси даври кўп омилларга боғлиқ.
1. Дипломатик ечим. Халқаро ҳамжамият адолатли музокара йўлидан борса, урушни тугатиш мумкин.
2. Иқтисодий жиҳат. Вазият қайси томонга бурилишида мамлакатларнинг ички иқтисодий аҳволи ҳам муҳим. Агар санкция янада кучайса, иқтисодиёт ёмонлашса, ўзаро муроса қилиш имконияти пайдо бўлади.
3. Ахборот уруши. Бу борада оммавий ахборот воситаларининг ролини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Қолаверса, ижтимоий тармоқ орқали жараёнга таъсир этувчи фикрни шакллантириш мумкин.
Хулоса
Мураккаб геосиёсий вазиятни акс эттирадиган Россия – Украина урушининг ечими турли омилларга боғлиқ. Ҳар икки томон ғалабага интилади. Демак, халқаро ҳамжамият фаоллик кўрсатмаса, дипломатик ечим топилмаса, қарама-қаршилик давом этиши эҳтимоли юқорилигича қолаверади. Бу можаро нафақат минтақа, балки бутун дунёга таҳдид солмоқда. Урушни тугатиш ривожланган давлатларнинг холис қарорига боғлиқ.
Мусулмон Зиё,
ЎзА шарҳловчиси