Шахматни ривожлантириш масаласи кўрилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида спортнинг шахмат турини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган мажлис ўтказилди.
Унда давлатимиз раҳбари томонидан шахматни ривожлантириш ва оммалаштириш, спортчи ва мураббийларга қулай шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Шундай имконият яратиб берилганига қарамасдан, мутасаддиларнинг ўз ишига лоқайдлик билан қараши ва айрим жойларда шахмат бўйича истиқболли спортчиларга етарли даражада эътибор қаратилмаслиги сабабли республикада ушбу спорт турини ривожлантириш ишлари талаб даражасида эмаслиги алоҳида қайд этилди.
Мажлис давомида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш, республика ва халқаро мусобақаларда совриндорлар етишиб чиқишини таъминлаш борасида вазифалар белгиланиб, аниқ топшириқлар берилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашув
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ ҳамда энергия ресурсларининг талон-торожлигини олдини олиш, уларга барҳам бериш бўйича республика ишчи гуруҳлари аъзолари билан учрашди.
Ишчи гуруҳлар аъзоларининг ҳар бири билан суҳбатлашиб, ҳудудларда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича топшириқлар берилди.
Табиий газ ва электр токи таъминотидаги узилишларга барҳам бериш, йўқотишларни ўз вақтида аниқлаш ва беталафот қилиш, аҳолини ва ижтимоий объектларни кўмир ва суюлтирилган газ билан таъминлаш ишларини тизимли ташкил этиш чоралари муҳокама қилиниб, ишларни тизимли ва жадал амалга ошириш бўйича қатъий вазифалар белгилаб олинди.
Талаба жаҳон чемпиони бўлди
Жорий йилнинг 10-16-ноябрь кунлари Россия Федерацияси Қозон шаҳрида белбоғли кураш бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида қорақалпоғистонлик талаба жаҳон чемпиони бўлди.
Жумладан, 30 дан ортиқ давлатнинг энг сара курашчилари иштирок этган жаҳон чемпионатда U20 ёшлар ва қизлар ўртасида Қорақалпоқ давлат университети 2-босқич талабаси Севара Шаженова -66 кг вазн тоифасида Қирғизистон, Россия, Нигерия спортчиларини енгиб, биринчи ўринни эгаллади.
Жаҳон чемпионатида Севара Шаженова мамлакатимиз спортчиларининг умум-жамоада 1-ўринни эгаллашига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири