Бугун – Бутунжаҳон диабетга қарши кураш куни
Сўнгги йилларда бутун дунёда диабетга чалинган беморлар сони ортиб бормоқда. ЖССТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда дунёда 529 миллион киши қандли диабет билан касалланган, 2050 йилга бориб эса бундай беморлар сони қарийб бир ярим миллиардга етиши мумкин.
ССВ матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, беморларнинг аксариятига диабетнинг 2-тури ташхиси қўйилган. Афсуски, қандли диабет билан оғриган кўплаб инсонлар ўзларининг касалликлари ҳақида билмайди. Шу сабабли, ушбу муаммонинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти диабетни “ХХI аср эпидемияси” деб эълон қилган. 14 ноябрь эса Бутунжаҳон диабетга қарши кураш куни деб белгиланган.
Бу сананинг мақсади ушбу хасталик ҳақида хабардорликни оширишдан иборат. Бунда энг муҳими, касалликка чалинганлар сонини эълон қилиш эмас, балки қандли диабетни эрта аниқлаш, унинг профилактикаси ҳамда асоратларининг олдини олиш йўллари ҳақида кўпроқ маълумот беришдир.
– Бу касалликни келтириб чиқарувчи омиллар орасида носоғлом турмуш тарзи асосий ўринни эгаллайди, – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори Нозима Назарова. – Афсуски, хасталик юртдошларимиз орасида ҳам кенг тарқалган. Унинг бир неча тури фарқланади. Қандли диабетнинг 1-тури кўпроқ болалар ва ўсмирлар орасида учрайди. Агар ўз вақтида тегишли даво чоралари кўрилиб, касаллик назоратга олинмаса, оғир асоратларни келтириб чиқаради. Диабетнинг 2-тури эса олдини олиш мумкин бўлган хасталик ҳисобланади. Бу дардни соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, қонда қанд миқдорининг доимий назорати – скрининг, керак бўлса, тегишли дори воситалари орқали енгиш мумкин. Агар инсонда диабет олди ҳолатлари кузатилса, метформин препаратини қабул қилиш тавсия қилинади. Бундай вазиятда шифокор тавсияларига тўлиқ риоя этилса, стационар шароитда даволанишга ҳеч қандай эҳтиёж бўлмайди.
Қондаги қанд миқдори сутка давомида доимо тўлиқ меъёрда ушлаб турилса, диабет асоратларининг олдини олиш ёки кечиктириш мумкин.
Шу сабабли аҳоли, аввало, патронаж ҳамшираси ва оилавий шифокор, қандли диабет билан касалланган беморлар эса эндокринолог назоратида бўлиши шарт. Эҳтиёж бўлганда кардиолог, невропатолог, нефролог, офтальмолог, хирург мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда даволаниш чоралари кўрилиши керак.
ЖССТ маълумотларига кўра, қандли диабет аҳолининг ўлим даражасини 2-3 баравар оширади ва умр кўриш давомийлигини қисқартиради, – дейди Миллий тиббиёт маркази Эндокринология бўлими мудири Сарвар Дадаев. – Бундан ташқари, муаммонинг долзарблиги ушбу касалликнинг тарқалиш кўлами билан ҳам боғлиқ. 2014 йилда бутун дунё бўйлаб тахминан 422 миллион катта ёшдагилар қандли диабет билан касалланган, бу 1980 йилдагидан 108 миллионга кўп. Бундай ҳолатлар сони ҳар йили ортиб бормоқда. Касалликнинг ҳалокатли ўсиши 2-турдаги қандли диабет билан боғлиқ бўлиб, бу барча ҳолатларнинг 85 фоиздан ортиғини ташкил қилади ва бу асосан, семириш ҳамда жисмоний ҳаракатсизликнинг натижасидир. Соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни сақлаш бўйича оддий чоралар унинг олдини олиш учун самарали бўлади.
Президентимизнинг 2022 йил 26 январдаги “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, айни пайтда юртимизда қандли диабет касаллигига чалинган беморларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Қирқ ёшдан ошган аҳолини йилда камида бир маротаба мақсадли скринингдан ўтказиш тизими йўлга қўйилган. Сурункали эндокрин касалликларни даволашнинг замонавий клиник протоколлари ва алгоритмлари жорий этилган.
Бунда 2022-2024 йилларда юртимиз аҳолисига эндокринология ёрдамини кўрсатишни ривожлантириш дастури асосида олиб борилаётган ишлар ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Шуни ёдда тутиш керакки, ҳар бир инсон соғлом овқатланиш, мунтазам жисмоний фаоллик, соғлом тана вазнини сақлаш ва чекишни ташлаш орқали 2-тоифа диабетнинг олдини олиши мумкин.
М.Қосимова, ЎзА