Россия Федерациясининг Суд приставлари федерал хизмати (СПФХ) директори Д.Аристов бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.
Ташрифдан мақсад жорий йил апрель ойида Россия Федерацияси Сочи шаҳрида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан Суд приставлари федерал хизмати (Россия Федерацияси) ўртасида 2024-2025 йиллар учун ҳамкорлик дастури” ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва СПФХ ўртасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, икки давлатнинг мажбурий ижро хизматлари ўртасидаги устувор йўналишлар ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишдан иборат.
Россия Федерациясининг СПФХ делегацияси Бош прокуратура ва Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази, шунингдек Мажбурий ижро бюросига ташриф буюрди. Ташриф доирасида Федерал хизмат ва Бюро раҳбарлари ўртасида расмий музокаралар ўтказилди.
Делегацияга Ўзбекистон Республикасининг мажбурий ижро тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори ижроси юзасидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар, Бюрода ижро ҳужжатлари бўйича контрагентлар ёки бюджет олдидаги ўз молиявий мажбуриятларини бажармайдиган инсофсиз ёки тўловга қобилиятсиз юридик шахсларнинг оммавий маълумотлар базаси яратилгани, суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш, юбориш ва тақдим этиш тартиби жорий этилгани ва бошқа янгиликлар ҳақида маълумот берилди.
Россиялик мутахассислар томонидан мамлакатимизда охирги йилларда мажбурий ижро соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли эришилаётган натижалар юксак баҳоланди. Шунингдек, идоралар ўртасида ҳамкорлик ўзаро амалий хусусиятга эга экани таъкидланиб, келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича самарали ҳамкорлик қилиш, шунингдек, хорижий давлатлар ҳудудидаги қарздорлар ҳамда уларнинг мол-мулкларини ва даромад манбаларини қидириб топиш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Федерал хизмат (СПФХ) директори Д.Аристов бошчилигидаги делегациянинг Бюро фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ташрифи республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
ЎзА